Манат бир неча ойдан бери босим остида қолмоқда. Мутахассислар фикрига кўра, яқинда Туркманистон – Эрон чегараси очилгани манат қадрсизланишига ҳисса қўшган.
Шунингдек, Туркиядаги муҳожирлар ватанига юбораётган маблағнинг озайгани ҳам қисман сабабчи экани айтилмоқда.
Январь ойи ўрталарида қора бозорда 1 доллар нархи 27 – 28 манат атрофида бўлган.
Сўнгги ҳафталарда эса валюта курси кескин пастлади. 3 апрель куни пойтахт Ашхободдаги Озодлик мухбирлари 1 доллар курси тушга қадар 38 манатга, кун охирига бориб 40 манатга етганини хабар қилишди.
Туркманистон Марказий банки 2015 йилда 1 доллар расмий курсини 3,5 манат ўлароқ белгилаган ва ўшанда бери уни ўзгартиргани йўқ. Мамлакатда нақд пулни бошқа валютага алмаштириш 2016 йил январидан бери тақиқланган.