Ссылки доступа

"Жаслиқ" колонияси тўлиқ ёпилмаган. У ерда умрбод қамалганлар сақланмоқда


Қорақалпоғистондаги қийноқлар билан ном чиқарган қаттиқ тартибли "Жаслиқ" колонияси ҳануз тўлиқ ёпилмаган.

Озодлик суриштируви жараёнида халқ орасида "борса келмас" номини олган Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19 - сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш муассасасида умрбод қамоқ жазосини ўтаётганлар сақланаётгани маълум бўлди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 2 августида имзолаган қарорга биноан “Жаслиқ” колонияси тугатилиб, у ерда сақланаётган маҳкумлар бир ой муддатда бошқа жазо муассасаларига юборилиши лозим эди.

Ички ишлар вазирлиги умрбод қамалганлар ҳам “Жаслиқ”дан бошқа қамоқхоналарга кўчирилгани тўғрисида 2019 йилнинг октябрида баёнот берган.

Бош прокуратура “Жаслиқ”да битта ҳам маҳкум қолмагани, “умрбод қамалганларга оид маълумот эса ёпиқлиги"ни билдирди.

Жиноят кодексининг 97- моддасида назарда тутилган қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганликда айбдор топилиб, бундан 18 йил муқаддам умрбод озодликдан маҳрум этилган 45 яшар маҳкумнинг яқинларидан бири шу кунларда “Жаслиқ”да бўлиб қайтгани ҳақида 5 апрель куни айтиб берди.

“Биз турган жойдан Жаслиққача 1650 километр. Онам иккаламиз битта таксини ёлладик. Ўша такси олиб бориб, қайта олиб келди. 2,5 миллион сўмдан ортиқ пул тўладик таксичига”, - деди Озодлик билан суҳбатда маҳкум акасига зарари тегиб қолишидан қўрқиб исми айтилишини истамаган фарғоналик аёл.

Унинг айтишича, умрбод қамалган акаси билан кўришишга ҳар йили бир марта бориб туради.

“Жаслиқ”қа бориб келганимизга икки ҳафта бўлди. Энди яна бир йилдан кейин борамиз. Чунки свидание бир йилда бир марта берилади”, - деди маҳкумнинг синглиси.

Фарғоналик аёлнинг сўзларига кўра, маҳкумлар яқинлари билан кўришадиган бино узун йўлак ва бир неча хонадан иборат. Хонада иккита каравот, стол-стул бор. Ошхона умумий, у алоҳида хонада.

“Акамнинг озиб кетганини айтмаса, аҳволи дуруст. Ишламайди. Фақат камерада ўтиради. Бир ўзи ўтиради”, - деди маҳкумнинг синглиси.

У “Жаслиқ”ни ёпиш тўғрисида қарор чиққанидан кейин акасининг яқинроқ қамоқхонага кўчирилишига умид қилишганини айтади. Аммо бу умидлари оқланмагач, Президент порталига қайта ва қайта хат ёзишган.

“Порталга мурожаат қиламан. Улар ГУИНга (Жазони ижро этиш бош бошқармаси) жўнатишади аризамни. Кейин улар мен билан боғланади. Умрбод қамалганларга янги қамоқхона қуришимиз керак, дейишади доим. Қаерда қурилади, қачон битади, деган саволларимга биз билмаймиз, деб жавоб беришади”.

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Озодлик сўровига жавобан "Жаслиқ"да биронта ҳам маҳкум қолмагани"ни иддао қилди, айни пайтда "махфийлик" важидан умрбод қамалганларнинг қаерда сақланаётгани борасида маълумот беролмаслигини айтди.

“Жаслиқ” колонияси ҳақиқатан ҳам ёпилган. Битта ҳам маҳкум у ерда йўқ. Лекин сиз сўраётган тоифадаги шахслар ҳақидаги маълумотлар ёпиқ. Улар қаерда сақланаётгани тўғрисида сизга айта олмайман", - дея таъкидлади Светлана Ортиқова.

Адвокат Умид Давлетов ўзи ҳимоя қилган маҳкумлар орасида умрбод қамалганлар йўқлиги сабабли “Жаслиқ”даги ҳозирги вазиятдан хабарсизлиги, бироқ бир-икки ҳамкасбидан “Жаслиқ”да "умрбодлар" сақланаётгани ҳақида эшитганини билдирди.

“Жаслиқ” лагерида 11,5 йил жазо муддатини ўтаган инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзам Фармонов “Умумий тартибдаги ихтисослаштирилган зона ёпилган. Унинг ёнидаги умрбод қамалганлар зонаси ишлаб турибди”, - деб айтди.

Аъзам Фармонов бу гапни “у ерга бориб-келиб турадиганлардан, ўша ерда ўтириб чиққанлар ва ерли аҳолидан олган маълумотларига таяниб” айтаётганини билдирди.

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов кейинги пайтларда умрбод қамалганлар ҳануз “Жаслиқ”да сақланаётгани тўғрисидаги маълумотлар унинг ташкилотига ҳам келиб тушгани ортидан масалани ўрганганини айтади.

“Жамиятимизнинг аниқлашича, “Жаслиқ”нинг умрбод қамалганлар сақланаётган қисми шу кунгача ишлаб турибди. Қанча маҳкум сақланаётгани тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Ҳар ҳолда 100 дан 200 кишигача сақланаётгани тўғрисида айтяпти манбаларимиз. Биз қўлга киритган маълумотларга кўра, Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида ихтисолаштирилган колония қуриляпти, колониянинг бу йил ёзда битиши, ўшанда “Жаслиқ”да сақланаётган умрбод қамалганлар кўчирилиши кутилмоқда”.

Ўзбекистон президентининг “Жаслиқ” колониясини ёпиш тўғрисидаги 2019 йил, 2 августдаги қарорини расмий матбуот ҳам олқишлаган, хусусан, “Халқ сўзи” нашри бу воқеани, “нафақат мамлакатимиз сиёсий ҳаёти, балки жаҳон ҳамжамияти олдида ҳам жуда катта аҳамиятга эгадир”, деб баҳолаган эди.

1999 йил февралидаги Тошкент портлашлари ортидан очилгани орадан бир неча ой ўтиб, ўртага чиққан ушбу қамоқхона мамлакат ичкариси ва ташқарисида шафқатсиз қийноқлар ҳамда ўта оғир шароитлари билан ном чиқарган.

Диний эркинликлар бўйича АҚШ Халқаро комиссияси йиллардан буён Ўзбекистон раҳбаприятига диний мотивлар билан қамалганларнинг асосий қисми сақланиб келган Жаслиқ қамоқхонасини ёпишни тавсия қилиб келганди.

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси 2002 йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳукуматини "Жаслиқ" колониясини ёпишга чақириб келган.

XS
SM
MD
LG