Ссылки доступа

Белоруссия Афғонистон бозорини Тожикистон билан биргаликда ривожлантириш ниятида


Форум деловых кругов Таджикистана, Беларуси и Афганистана в Душанбе, 6 апреля 2021 года
Форум деловых кругов Таджикистана, Беларуси и Афганистана в Душанбе, 6 апреля 2021 года

Душанбеда бўлиб ўтган бизнес-форум давомида Тожикистон, Белоруссия ва Афғонистон тадбиркорлари қиймати 11,3 миллион долларлик шартномалар имзолашди. Экспертларнинг фикрига кўра иқтисодиёти Ғарб санкцияларидан азият чеккан Белоруссия афғон бозорига кириб, вазиятни яхшилаш ниятида.

6 апрель куни Тожикистон ва Белоруссия ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 14-йиғилиши доирасида ишбилармон доиралар форуми бўлиб ўтди. Унда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, агросаноат ва фармацевтика ускуналари соҳасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

Тожикистон Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси раиси Саъди Қодирзода Тожикистон, Белоруссия ва Афғонистон ишбилармон доираларининг форуми Душанбеда учинчи маротаба ўтказилаётганини таъкидлади. Унга кўра, 2020 йилда Тожикистон ва Белоруссия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 54,4 миллион долларни ташкил этди, бу 2019 йилга нисбатан деярли икки баравар кўпдир. Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо айланмаси ўтган йили 70 миллион долларни ташкил этди, дейди Қодирзода.

Тожикистон ва Белоруссия ҳукуматлари, хусусан, Ҳисорда савдо-иқтисодий ҳамкорлик доирасида Афғонистонга экспорт қилинадиган тракторларнинг қўшма ишлаб чиқарилиши ташкил этилганини таъкидладилар.

“Тожикагролизинг” давлат корхонаси директори Юсуф Акрамзоданинг айтишича, Тожикистон — Белоруссия қўшма корхонаси “Agrotechservice” Тожикистонда икки йил ичида тракторлар учун эҳтиёт қисмларнинг 70 фоизини ишлаб чиқаришга эришган. «Тожикистонлик деҳқонлар Белоруссия қишлоқ хўжалиги техникасидан фойдаланадилар. Иккинчи йилдан буён “Agrotechservice” ҚК 15 русумдаги Белоруссия тракторлари ва турли турдаги ускуналарини ишлаб чиқаради. Ўтган йили биз дон йиғадиган комбайнлар ишлаб чиқаришни бошладик, — деди Акрамзода.

“Agrotechservice” ҚК бошлиғининг ўринбосари Жумахон Сафоев таъкидлашича, ҚК маҳсулотлари нафақат Тожикистонда сотилади — ўтган йили афғонистонлик ва ўзбекистонлик фермерлар 30 та трактор ва 34 та турли хил техника сотиб олишди.

6 апрель куни бўлиб ўтган ишбилармон доиралар форуми давомида Белоруссия тадбиркорлари ўз шерикларига қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва фармацевтика ускуналарини, тожик ва афғонистонлик тадбиркорлар қуритилган мевалар, пахта ва жунни таклиф қилишди. Тожикистон ва Афғонистон компаниялари келажакда қимматбаҳо тошлардан ясалган маҳсулотларини Белоруссияда сотишмоқчи.

Тожикистонлик эксперт Абдумалик Қодировнинг фикрига кўра, Минск бошқа мамлакатлар, шу жумладан Тожикистон ва Афғонистон билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириб, сиёсий мақсадларни кўзлайди.

«Ҳозирги вазиятда, мамлакатда норозиликлар сусаймаса ва Ғарб томонидан босим давом этаётган бўлса, Белоруссия расмийлари ўзларининг ваколатларини исботлашлари керак. Минск аҳолини иш билан таъминлаши ва ўз корхоналари маҳсулотларини сотишнинг янги бозорларини топиши керак. Акс ҳолда, Ғарб санкциялари босими остида мамлакат иқтисодиёти қулайди», — деди Қодиров.

Экспертнинг таъкидлашича, Тожикистон учун Беларус ва Афғонистон ўртасида яқин иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш фойдали бўлади.

Белоруссияда ўтган йил 9 августда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг бошланган оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда, уларнинг ғолибларини Марказий сайлов комиссияси (МСК) Александр Лукашенкага эълон қилди. Овозлар сохталаштирилганига ишонган мухолифат тарафдорлари Лукашенканинг истеъфосини ва янги президент сайловларини талаб қилмоқда. Фуқароларнинг чиқишлари полиция ва махсус кучлар томонидан қаттиқ бостирилади, шунинг учун Ғарб давлатлари Белоруссиянинг юқори мартабали амалдорларига қарши санкцияларни қўллашди.

XS
SM
MD
LG