Ссылки доступа

Сохта қарорлар чиқариб пул ўғирлаган судьялар ва ички ишлар ходимларига ҳукм ўқилди


Зангиота туман суди Маъмурий ишлар бўйича Тошкент шаҳар судининг собиқ судьялари ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси собиқ ходимларини 3 миллиард 300 миллион сўмни ноқонуний ўзлаштирганликда айбдор деб топди ва уларга нисбатан ҳукм ўқиди.

Ўзбекистон судлар Олий кенгашининг маълум қилишича, судьялар ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси собиқ ходимларига нисбатан чиқарилган ҳукм ҳозирча қонуний кучга кирмаган. Шунинг учун уларнинг исмлари ва белгиланган жазо чоралари тўғрисида маълумот берилмайди.

Расман билдирилишича, мазкур мансабдорлар давлатга келтирган зиённинг 3 миллиард сўми ундириб олинди.

Судлар Олий кенгаши расмий билдирувида айтилишича, бу иш бўйича 3 нафар собиқ судья, 3 нафар судья ёрдамчиси ва 7 нафар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси собиқ ходими судланган.

2020 йилнинг 2 декабрь куни Маъмурий ишлар бўйича Тошкент шаҳар судининг бир неча судьяси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари билан келишган ҳолда йўл қоидалари бузилиши юзасидан 5 мингта сохта қарор чиқаргани аниқлангани тўғрисида хабар берилган эди.

Ўшанда Коррупцияга қарши кураш бўйича агентлик директорининг ўринбосари Умида Тўхташева мазкур қарорлар асосида 8 миллиард сўм ўғирлангани тўғрисида билдирган.

XS
SM
MD
LG