Ссылки доступа

Бош прокуратура: “Effect.uz”нинг икки мухбири қидирувга берилди


“Effect.uz” ахборот агентлигининг 2 нафар мухбири ва яна 1 нафар аёл қидирувга берилди. Бу ҳақда Бош прокуратура 6 апрель куни расмий баёнот тарқатди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг январь ойида “Effect.uz” сайтида ушбу сайтнинг ходимлари жиноят ишлари бўйича Термиз тумани суди раиси хизмат хонасига бостириб кириб, суд мажлисида иштирок этиш ва жараённи тасвирга олишни талаб қилишганлиги ҳақида видеоёзув чиқарилган.

Судьялар олий кенгаши мазкур видеоёзувга ҳуқуқий баҳо бериш илтимоси билан Бош прокурор номига тақдимнома киритган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти Термиз тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижаларига кўра, Жиноят кодексининг 236 ва 219-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан олиб борилган”,-дейилади баёнотда.

Бош прокуратуранинг билдиришича, очилган жиноят иши юзасидан терговга чақирилган “Effect.uz”нинг 2 нафар мухбири ва яна бир аёл терговчи томонидан кўплаб марта чақиртирилган бўлса-да, сўроққа келмаган.

“Шунга кўра, тергов давомида 2 нафар шахсга нисбатан ЖКнинг 219 ва 236-моддалари билан сиртдан айб эълон қилиниб, суднинг ажрими билан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси ҳамда 1 нафари (аёл) га ЖКнинг 139 ва 140-моддалари билан сиртдан айб эълон қилиниб, “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва уларга нисбатан қидирув эълон қилинган”,-дейилади баёнотда.

XS
SM
MD
LG