Ссылки доступа

Форбес: Қозоғистонда яна уч миллиардер пайдо бўлди


Жами бойлиги 22 миллиард доллардан ошадиган етти кишиси Форбес журнали томонидан сайёрамизнинг энг бой одамлари рўйхатига киритилди. Рўйхатга янги киритилганлар орасида «Каспи» эгалари Вячеслав Ким ва Михаил Ломтадзе, шунингдек, Freedom Holding брокерлик компанияси раҳбари Тимур Турловлар бор.

Уларнинг иккитаси Каспи банкига эгалик қилувчи Kaspi fintech компанияси билан алоқадор. Булар 51 ёшли Вячеслав Ким ва 45 ёшли Михаил Ломтадзе. Каспи Лондон фонд биржасида октябрь ойида муваффақиятли ишлади ва унинг асосчилари Ким ва Ломтадзе доллар миллиардерлари рўйхатига кирдилар.

Ноябрь ойида Американинг Форбес нашри ёзишича, «Kaspi.kz нинг кичик стартапдан молиявий технологиялар гигантига айланиши» эҳтимол Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалдининг таъсирисиз қолмаган. Сатибалди 2018 йилда акциядорлар сафини тарк этди, аммо Форбес таҳлилчиларининг фикрига кўра чиқиш расмий равишдагина бўлиб ўтган ва собиқ президентнинг қариндоши бизнеснинг ҳақиқий эгаси бўлиб қолмоқда.

Журнал Вячеслав Кимнинг бойлигини 3,3 миллиард (925-ўрин), Михаил Ломтадзе — 3,2 миллиард (956-ўрин) га баҳоламоқда. Улар Форбес рейтингида Кулибаев жуфтлигини ортда қолдиришди (Динара ва Тимур Кулибаевларнинг умумий бойлиги — Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи ва куёви — Форбес томонидан 5,6 миллиард долларга (ҳар бири 2,8 миллиард) баҳоланмоқда. Уларнинг капитали йил давомида ўзгармади. Миллиардерлар рўйхатининг 1111-қаторини эгаллайди).

Тимур Турлов Қозоғистон миллиардерлари рўйхатини ёпди. Ушбу янги иштирокчи 2,1 миллиард бойлик билан 1517-ўринни эгаллади.

Турлов Қозоғистоннинг энг ёш бой одамидир, у 33 ёшда. Журнал уни ўз мижозларига АҚШ, Россия ва Европа фонд биржаларига киришни таъминловчи Freedom Holding чакана брокерлик компаниясининг асосчиси ва директори сифатида таништиради. Турловнинг айтишича, у компанияни 2008 йилда (у тугатгунига қадар) ўзининг ҳаммуассислари билан 100 минг доллар эвазига ташкил қилган.

Қозоғистонлик миллиардерларнинг бойлиги, Форбес маълумотларига кўра, 22 миллиард доллардан ошади. Бу ўтган йилги республика бюджети тушумидан бироз кўпроқ (Миллий жамғарма трансфертларини ҳисобга олмаганда).

XS
SM
MD
LG