Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида маҳаллий чўпонлар яйлов ерларининг кластерларга бериб юборилаётганига норозилик билдириб, қўйлар сурувини ҳокимликка ҳайдаб борди.
Воқеа 6 апрель куни Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани ҳокимлиги биноси олдида маҳаллий вақт билан кечки 4лар атрофида бўлган.
Нуробод туманининг Қиличли маҳалласи вакилларидан бири яйловларнинг кластерга бериб юборилиши оқибатида чорвасини ўтлатишга ер қолмаганини айтди.
“Шу пайтгача қўйларни яйловларда боқиб келдик. Тирикчилигимиз чорвадан. Манови кластер деган нарса чиққанидан сўнг қўйларни яйловга киритмай қўйди. Ҳозир ҳайдаб борсак кластер мени ерим дейди, у ерга борсак униси ол қўйларингни, мени ерим дейди. Шунга ҳокимликдан яйлов ажратиб беришни сўраб бордик”, - дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.
Маълум бўлишича, ўтган йилнинг кузида Нуробод туманида қоракўлчиликни ривожлантириш учун “Самарқанд қоракўл кластер” МЧЖ корхонасига 151 минг гектар ҳамда “SP LUXE” МЧЖ қўшма корхонасига 197 243,4 гектар яйлов ер майдонлари ажратилган.
“SP LUXE” МЧЖ эса тумандаги “Соҳибкор Ҳожиакбар” фермер хўжалиги билан ўзаро шартнома имзолаб, 834 гектар яйловни 49 йилга ижарага берган.
Шартномага кўра, 834 гектар яйловда 1 ярим минг қўй боқиш кўрсатилган бўлишига қарамасдан ушбу ер майдонида фермер хўжалиги томонидан 4 мингдан зиёд чорва моллари боқилганлиги Қиличли маҳалласи фуқароларининг норозилигига сабаб бўлган.
Нуробод тумани ҳокимлиги расмийси: “Кечани ўзида мажлис ўтказилиб, “SP LUXE” МЧЖ ва “Соҳибкор Ҳожиакбар” фермер хўжалиги ўртасидаги яйлов арендаси билан боғлиқ шартномани бекор қилишга келишилди. Биринчи навбатда, қишлоқ аҳолиси чорва моллари учун яйлов ажратиладиган бўлди”, - деди.
Шу пайтгача ҳеч қандай тўлов тўламасдан яйловларда қўйларини боқиб келган нурободликлар кластер билан шартнома тузиб белгиланган ҳудудларда қўйларини маълум тўлов эвазига боқишга рози эмасликларини айтишади.
“Кечаги мажлисда ҳамма энди тўлов эвазига боқади, деган гап ҳам бўлди-да. Нуробод тумани аҳолиси асосан чорвачиликдан кун кўради. Мана шу яйловлар бор экан, қўйимиз бор. Ҳар бир хонадонда 20-30та қўй, камида 3-4 сигир бор. Бизда ҳамма ёқ даштлик, яйлов бўлгани учун одамлар молини, қўйини шу яйловда боқади. Ем-ҳашак йўқ. Ҳозир кластер ҳамма яйловларга эгалик қилиб олиб, қўйингни ўтлатасан, жунини берасан ёки пул тўлайсан, деган талабларни қўйяпти. Бунақаси бизда бўлмаган. Кеча мажлисда ҳар кимни ўзини яйлови бўлади, тўлов эвазига, деган гаплар ҳам бўлди, шунга ҳамма норози бўляпти, - дейди нурободликлардан бири.
Самарқанднинг Нуробод тумани чорвачилик бўйича илғор туманлардан саналади.
Ҳокимлик сайтига кўра, туманда ҳозир 100 мингдан ортиқ қорамол, 250 мингдан ортиқ қўй-эчки боқиляпти.
Ўзбекистоннинг чорвачиликка ихтисослаштирилган бошқа ҳудудларида ҳам яйловларни кластерлар эгаллаши ортидан маҳаллий чорвадорлар жиддий муаммога юз тутган.
Кластерга мажбуран бириктирилган юзлаб фермер хўжаликлари йиллаб ўз хизмат ҳақини ололмай¸ банкротлик ëқасига келиб қолганини айтмоқда.
Президент Шавкат Мирзиëев ҳам кластер тизимидаги коррупцияни танқид қилган, аммо бу тизимга ўзгартиш киритиш ëки уни бекор қилиш масаласи кун тартибига қўйилмаган.