Forbes журналининг билдиришича, унинг бойлиги 177 миллиард долларни ташкил қилмоқда. У бир йил ичида 64 миллиард доллар даромад кўрган. Ўтган йили Forbes унинг бойлигини 113 миллиард долларга баҳолаган эди. 57 ёшли Жефф Безос 4 йилдан бери жаҳоннинг энг бой одамлари рўйхатида 1-ўринни эгаллаб келмоқда.
SpaceX ва Tesla ширкатлари асосчиси 49 ёшли Илон Маскнинг бойлиги эса бир йил ичида 24 миллиард долларга ўсган ва у 151 миллиард долларга эгалик қилаётган корчалон сифатида жаҳон бойлари рўйхатининг 2-поғонасини эгаллади.
Louis Vuitton Moët Hennessy компаниялар гуруҳи президенти 72 ёшли Бернард Арно эса 150 миллиард доллар билан учинчи ўринда бормоқда.Француз миллиардерининг бойлиги бир йилда 2 баробарга кўпайган.
Жаҳондаги энг бой одамлар ўнталигидан Microsoft асосчиси Билл Гейтс ( 65 ёшда, 124 млрд доллар), Facebook асосчиси Марк Цукерберг ( 36 ёшда, 97 млрд доллар), Berkshire Hathaway эгаси Уоррен Баффет ( 90 ёшда, 96 млрд доллар), Oracle раҳбари Ларри Эллисон ( 76 ёшда, 93 млрд доллар), Google асосчиси Ларри Пейдж ( 48 ёшда, 91,5 млрд доллар), Google ҳаммуассиси Сергей Брин ( 47 ёшда, 89 млрд доллар) ва Ҳиндистондаги Reliance Industries раҳбари Мукеш Амбани ( 63 ёшда, 84,5 млрд доллар) жой олди.
Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Алишер Усмонов жаҳон бойлари рўйхатининг 99-поғонасини эгаллади. У Россия бойлари орасида 7-ўринда. Усмоновнинг бойлиги 18,4 миллиард долларга баҳоланган. Ўтган йили унинг бойлиги 13,4 миллиард доллар деб қайд этилган эди.
Жаҳон бойлари рўйхатидан жами 2755 миллиардер жой олган. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 660 нафарга кўпдир. Жаҳон бойлари 2021 йилда 13 триллион доллардан кўпроқ бойликка эгалик қилмоқда. 2020 йилда уларнинг умумий бойлиги 5 триллион долларга баҳоланганди.