Ссылки доступа

Ўзбекистон билан Қозоғистоннинг чегараолди ҳудудида ҳамкорлик маркази қурилиши бошланди


Ўзбекистон бош вазири А. Арипов қозоғистонлик ҳамкасби А. Мамин билан, 2021 йил 10 апрели (Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати фотоси)

Жорий йил 10 апрель куни Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг чегара ҳудудида (Ғишткўприк – Жибек жўли) “Марказий Осиё” халқаро савдо иқтисодий ҳамкорлик марказига тамал тоши қўйиш маросими ўтказилди.

Ҳукумат матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбирда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин иштирок этишган.

“Марказий Осиёда ягона бўлган ушбу лойиҳа нафақат икки томон учун самарали бўлади, балки минтақада савдо-иқтисодий алоқалар ривожига ҳам қўшимча туртки беради”, дейилган ҳукумат хабарномасида.

Қозоғистон бош вазири матбуот хизмати маълумотига кўра, халқаро савдо иқтисодий ҳамкорлик марказининг умумий майдони 400 гектарга тенг бўлиб, бу ердан келажакда кунига 35 минг киши ва 5 минг юк автомобили ўтишига имконият яратилади. Маросим чоғида бош вазир Мамин Қозоғистон ва Ўзбекистон расмийлари ўзаро савдо-сотиқ ҳажмини истиқболда 10 миллиард долларга етказиш вазифаси устида ишлаётганларини қайд этган.

Ўзбек расмийларининг Қозоғистонга ташрифи доирасида Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашиш ва икки томонлама ҳамкорликнинг кейинги босқичларини муҳокама қилиш мақсадида икки мамлакат ҳукуматлари делегациялари иштирокида ишчи йиғилиши ҳам ўтказилган.

Қайд этилишича, йиғилишда икки халқ манфаатлари йўлида савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда эришилган келишувларни амалга оширишнинг мақбул йўллари муҳокама қилинган.

XS
SM
MD
LG