Ссылки доступа

Тожикистонда 117 киши «Мусулмон биродарлар» ташкилотига алоқадорликда айбланиб 5 йилдан 23 йилгача озодликдан маҳрум этилди


9 апрель куни Тожикистон Олий суди «Мусулмон биродарлар» (“Ихвон-ул-муслимин”) халқаро террорчилик ташкилотига алоқадорликда айбланган 119 кишига ҳукм чиқарди. Департаментнинг таъкидлашича, ҳукмлар ўтган пайшанба куни қабул қилинган.

Шундай қилиб, 117 кишига 5 йилдан 23 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, яна икки киши жаримага тортилди. Тожикистон Миллий Университетида дарс берган Миср фуқароси Муҳаммад Баюми 23 йилга озодликдан маҳрум этилди. Манбага кўра, тергов Баюмини гуруҳ раҳбари деб ҳисоблаган.

Ушбу университетнинг Мисрдан бўлган яна бир ўқитувчиси 7 йиллик қамоқ жазосини олди. Имом Исмоил Қаҳҳоров 15 йилга ҳукм қилинди. Қолган судланувчилар беш йилга озодликдан маҳрум этилди, улар орасида мамлакатдаги бир қанча университетларнинг талабалари ва ўқитувчилари, шунингдек бир қатор давлат муассасалари ходимлари бор.

Олий суддаги манбанинг таъкидлашича, судланувчилар Жиноят кодексининг тўрт моддаси билан айбдор деб топилган: «Террористик характердаги жиноятларни молиялаштириш» (179.2-модда); «Экстремистик фаолиятга ва экстремизмни оммавий равишда оқлашга чақириқлар» (307.1-модда); «Экстремистик ҳамжамиятни ташкил этиш» (307.2-модда); «Экстремистик ташкилот фаолиятини ташкил этиш» (307.3-модда).

2020 йил бошида «Мусулмон биродарлар» ташкилотига алоқадорликда айбланиб оммавий ҳибсга олишлар ҳақида маълум бўлди, аммо расмийлар бу маълумотни деярли бир ой ўтиб тасдиқладилар. Кейин Бош прокуратура «ушбу ташкилотнинг мақсади — ҳукуматни зўравонлик билан ағдариш ва маълум бир мамлакатда Ислом давлатини барпо этишдир» деб таъкидлаган.

«Мусулмон биродарлар» ҳаракати устидан суд жараёни ўтган йилнинг июлида бошланган ва ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган.

Шу йилнинг январь ойида тожикистонлик журналист Далер Шарифов озод этилди. Бундан роппа-роса бир йил олдин у мамлакатда тақиқланган «Мусулмон биродарлар» ташкилоти мафкурасини тарғиб қилишда ва «ёшларни жиҳод мафкурасига ундашга қаратилган» экстремистик мақолаларни нашр этишда айбланган эди. Суд уни бир йилга озодликдан маҳрум қилди. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва маҳаллий мустақил журналистлар Шарифовга қарши иш сиёсий асосга эга эканлигини ва у ҳокимиятни танқид қилгани учун қамалганини бир неча бор таъкидладилар.

2006 йилда Тожикистон Олий судининг қарори билан «Мусулмон биродарлар» мамлакатда тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган. Мусулмон биродарлар ташкилотининг ўзи 1928 йилда Мисрда ташкил этилган ва кейинчалик унинг баъзи раҳбарлари ушбу Яқин Шарқ мамлакати ҳокимият тепасига келишган. Шу билан бирга, ўша минтақадаги баъзи бошқа давлатлар ушбу ташкилотни ўз ҳудудларида тақиқлашди.

XS
SM
MD
LG