Ссылки доступа

Беларусда Euronews телеканали трансляцияси тўхтатилди


Александр Лукашенко Euronews мухбири саволларига жавоб бермоқда (архив сурати)

Беларусда 12 апрелдан Euronews телеканали трансляцияси тўхтатилди. Беларус Ахборот вазирлиги вакиллари РИА “Новости”га ретрансляция реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилгани аниқлангани туфайли тўхтатилганини билдирганлар.

Вазирлик сайтидаги хабарномада эса Беларусь ҳудудида сигнал тарқатиш учун Euronews телеканалига берилган рухсатнома муддати тугаганини айтилган.

Айни пайтда 12 апрелдан Беларусда Россияда ишлаб чиқарилиб, Иккинчи жаҳон уруши воқеаларига бағишланган ПОБЕДА (Ғалаба) номли теледастурлар ёйинлана бошлангани айтилмоқда. Дастурлардан совет ҳарбий киноси, Россия фильмлари ва сериаллари, Иккинчи жаҳон урушига оид ҳужжатли фильмлар, фахрийларнинг хотиралари, тарихчилар билан интервьюлар ўрин олган.

Euronews Европанинг туну кун узлуксиз ишлайдиган ахборо телеканали бўлиб, у 13 тилда фаолият юритади. Беларусь Журналистлар ассоциацияси вакиллари Euronews ёйинининг тўхтатилишига сабаб ўлароқ кўрсатилган тартиббузарлик шунчаки баҳона бўлиши мумкинлигини истисно қилмаганлар.

“Афтидан, бу беларус халқини янада ахборот қамалида қолдириш мақсадида амалга оширилди. Расмийлар ёздан бери системали равишда беларус жамияти атрофида “Хитой девори” барпо эта бошлаганлар — журналистларни қатағон қилиб, нашрларни ёпганлар”, дея иқтибос келтиради БелаПАН агентлиги Беларусь Журналистлар ассоциацияси раисининг ўринбосари Борис Горецкий сўзларидан.

Беларусда ўтган йил август ойидан бери президент сайлови расмий натижаларига қарши оммавий норозилик чиқишлари давом этмоқда. Мазкур натижаларга кўра, Александр Лукашенко олтинчи марта давлат раҳбари дея эълон қилинган. Ғарб мамлакатлари уни легитим сайланган президент ўлароқ тан олмаганлар. Шу билан бирга, тинч намойишчилар куч билан тарқатилгани ва инсон ҳуқуқлари бузилгани важидан Лукашенко ва унинг атрофидаги қатор мулозимларга нисбатан санкциялар жорий этилган. Минск Ғарб жамоатчилиги томонидан билдирилган барча айбловларни рад этиб келади. Москва президент сайловидан кейин беларуслик расмийларни дастаклаган.

XS
SM
MD
LG