Ссылки доступа

Мажбурий аъзолик. Мирзиёев яна "ЎзЛиДеП"дан президентликка номзод бўлиши мумкин


Ўзбекистонда оддий ишчилардан тортиб давлат хизматчиларигача 2016 йилги президентлик сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини илгари сурган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси - “ЎзЛиДеП”га аъзо бўлишга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Фарғона, Навоий, Бухоро, Самарқанд вилоятларидан исми сир қолиши шарти билан гапирган завод ишчилари, банк ходимлари ва ҳатто ҳокимлик расмийлари ҳам босим ва пўписалар билан “ЎзЛиДеП” аъзосига айлантирилганликлари”ни айтишди.

Улардан партияга ҳар ой энг кам иш ҳақининг бир фоизи (7 минг сўм атрофида) миқдорида аъзолик бадалини тўлашга розилиги ҳақида тилхатлар олинган.

“ЎзЛиДеП”нинг Тошкентдаги идораси ходими жойларда партияга аъзолик бўйича ташвиқот ишлари олиб борилаётганини тасдиқлади, аммо партияга аъзоларни жалб этиш мутлақо ихтиёрий эканлигини таъкидлади.

Аъзолик кампанияси ЎзЛиДеп партияси расмий сайтида ҳам эълон қилинди.

Фарғона вилоятидаги давлат идораларидан бирида ишловчи, исми очиқланмаслигини истаган мулозим "ЎзЛиДеП"га янги аъзоларни жалб қилиш партия Низоми ва мамлакат конституциясига зид тарзда амалга оширилаётганини айтди:

“Президент сайлови арафасида “ЎзЛиДеП” Фарғона вилоят Кенгаши буйруғи билан вилоятдаги ҳамма туман, шаҳарларда партияга аъзо бўлишга мажбурлаш бошланди.Вилоят ходимларини туманларга куратор қилиб бириктириб худди партияга аъзо қилишни вилоят ҳокими буюрган, деб уни номини сотиб иш қиляпти. Энди вилоятдан куратор қилинган ходимлар бизнинг бошимизда туриб, мажбурий аъзо тўплатяпти. Биз иложсиз сохта маълумот тайёрлашга мажбур бўляпмиз. Одамларни мажбурий аъзо қилдириш адолатданми? Ахир, бу партия уставига ҳам мамлакат қонунчилигига ҳам зид-ку”, - дейди фарғоналик мулозим.

Бухоро Нефтни қайта ишлаш заводининг ишчиси “ЎзЛиДеП”га эътирози йўқлиги, аммо аъзолик бадали ўзлари учун оғирлик қилишини айтди.

Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани тиббиёт муассасалари ходимлари ҳам тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясига мажбуран аъзо қилинмоқда.

Улардан энг кам иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида ЎзЛиДепнинг Самарқанд вилояти Пастадрғом тумани Кенгаши ҳисоб рақамига “ҳар ой пул ўтказиб боришга розиман” деган мазмунда тилхатлар ҳам олинган.

ЎзЛиДеп партиясига ҳар ой энг кам иш ҳақининг бир фоизи (7 минг сўм атрофида) миқдорида аъзолик бадалини тўлашга розилиги ҳақида тилхат.

“ЎзЛиДеП” Марказий кенгашининг исми очиқланмаслигини истаган мулозими партия сафини кенгайтириш учун барча вилоят ва туманларда янги аъзоларни жалб этиш ишлари олиб борилаётганини тасдиқлади.

Айни пайтда мулозим партияга янги аъзоларни жалб этиш мутлақо ихтиёрий асосда амалга оширилаётганини таъкидлади.

“ЎзЛиДеП” Марказий Кенгаши мулозими партияга нега одамлар аъзо бўлишга интилаётгани ва уларга партияга аъзолик қандай наф бериши ҳақидаги саволини жавобсиз қолдирди.

Аммо партиянинг бошқа бир ходими бу ишлар Мирзиёев номзодини президентликка илгари суришга тайёргарлик ишлари билан боғлиқлигини айтди.

”ЎзЛиДеП” бу йилги сайловда ҳам Мирзиёев номзодини президентликка кўрсатади, ана шунга тайёргарлик бўляпти”, - деди партия ходими.

Ўзбекистонда 1 мартдан шу йил октябрида ўтадиган президент сайловларига расман старт берилган эса-да, ҳозирга қадар рўйхатдан ўтган партияларнинг биронтаси ўз номзодини илгари сурганича йўқ.

"ЎзЛиДеП" уставида аъзолик якка тартибда, ихтиёрийлик асосида амалга оширилиши айтилган.

2003 йилда таъсис этилган партиянинг расмий сайтида қанча аъзоси борлиги ҳақида маълумот йўқ.

"ЎзЛиДеп" 2016 йилда Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи лавозимида бўлган Шавкат Мирзиёевни ўша йили декабрда ўтказилган президент сайловида президентликка номзод сифатида кўрсатган эди.

Ўзбекистон парламентидаги беш сиёсий партиянинг ҳаммаси ҳукумат сиёсатини дастаклаб келади.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси расмийлари келаётган президент сайловларида халқаро ташкилотларнинг "мақбул" тавсиялари тадбиқ этилишини айтишган, аммо бу тавсияларга мухолифат партияларини рўйхатдан ўтказиш кирадими, йўқми, маълум эмас.

Ўзбекистон парламентидаги мавжуд бешта партиянинг ҳаммаси ҳукуматпараст партиялардир. Мамлакатда қарор топган сиёсий анъанага кўра, айнан шу партияларнинг раҳбарлари президент сайловларида амалдаги президентга "рақиб" бўлади.

XS
SM
MD
LG