Ссылки доступа

Навальний Қуръон китоби ўзига берилмаётгани учун қамоқхона маъмуриятини судга берди


Алексей Навальний Москвадаги маҳкамада - 20 февраль, 2021.

Владимир вилояти Покров шаҳридаги 2-сонли колонияда жазо муддатини ўтаётган россиялик мухолифатчи Алексей Навальний муассаса раҳбариятини судга берди.

Сиёсатчига сўраган китоблари, хусусан, мусулмонларнинг муқаддас китоби – Қуръони карим берилмагани даъво қўзғатишга сабаб бўлган. Бу ҳақда Навальнийнинг “Инстаграм”даги саҳифасида маълум қилинди.

Мухолифатчига кўра, у қамоқда мусулмонларнинг муқаддас Қуръон китоби ва Пайғамбар суннатини ўрганиш ҳамда уларнинг мағзини чақишни мақсад қилган. Аммо буюртма қилган китоблари бир ойдан буён етказиб берилмаётир.

“Бир ой олдин бу ерга бир талай китоб билан келгандим. Яна бир қанча китобни буюртма билан олдирмоқчи бўлдим. Аммо ҳануз ҳеч бири берилмади. Улар экстремизм важидан текширилиши керак эмиш. Айтишларича, бу жараён уч ойга чўзилади”, – дейилади Навальний қолдирган хабарда.
Навальнийнинг маълум қилишича, шифокорлар унда “кучли йўтал” ва 38.1 даража ҳарорат борлигини аниқлаган.
Мавзуга алоқадор
Бир неча маҳкум сил касалига чалиниши ортидан Навальний колония шифохонасига кўчирилди

Маълум бўлишича, қамоқхона маъмурияти ҳар бир китобни, жумладан, Қуръонни ҳам экстремизмга алоқадорлик юзасидан текширмоқчи.

Навальнийнинг ёзишича, у Қуръонни аввал ҳам ўқиган, аммо "ҳамма қатори". "Ҳамма ислом ва мусулмонларни муҳокама қилади ва табиийки, муҳокама қилаётганларнинг 90 фоизи бу ҳақда ҳеч нарса билмайди. Мен эса, Россиянинг мусулмон бўлмаган сиёсатчилари орасида чемпион бўлишга аҳд қилдим", деб ёзди сиёсатчи ўзининг Инстаграм саҳифасида.

Аввалроқ колония раҳбарияти очлик эълон қилган ва икки ҳафтадан буён туз тотмаган Навальнийга мажбуран овқатлантириш билан таҳдид қилгани ошкор бўлган эди. Мухолифатчи овқат ейишдан бош тортганидан бери 8 кило, қамоқхонага келганидан буён эса 15 кило вазн йўқотган. Ҳозирда унинг вазни 77 килони ташкил этмоқда.

Президент Путиннинг ашаддий танқидчиси саналган Алексей Навальний Москва шаҳри Симонов райони судининг жорий йил 2 февралдаги ҳукми билан “Ив Роше” иши бўйича колонияга жўнатилганди. Мухолифатчи қарийб икки ярим йилни қамоқда ўтказиши лозим.

Айни кунларда Навальний соғлиғидан шикоят қилмоқда. 31 март куни у очлик эълон қилиб, ҳузурига малакали врач киритилишини талаб қилди. Колония шифокорлари томография текширувида унинг танасида иккита чурра борлигини аниқлашди.

Ундан аввалроқ эса Навальнийни ўткир респиратор касаллиги белгилари билан қамоқхона тиббий қисмига ўтказилган эди. Сиёсатчи ўз адвокатлари орқали, унинг отрядидаги ўн беш маҳбусдан уч нафари сил хасталиги билан касалхонага ётқизилганини маълум қилди.

Навальнийнинг ўзида ҳам юқори иситма ва кучли йўтал кузатилган. Унинг шахсий шифокори, “Врачлар альянси” ташкилоти раҳбари Анастасия Васильева ҳамда адвокатлар сиёсатчига етарли даражада тиббий ёрдам кўрсатилмаётганини таъкидламоқдалар.

Федерал жазони ижро этиш хизмати мутасаддилари эса Навальнийга зарур ёрдам кўрсатилаётганини иддао қилмоқда.

XS
SM
MD
LG