Ссылки доступа

Қашқадарёда ўқитувчининг калтакланиши бўйича жиноят иши қўзғатилди


Чироқчилик муаллим Ш. Оққўзиев
Чироқчилик муаллим Ш. Оққўзиев

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги 134- умумтаълим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси Шоҳнур Оққўзиев калтакланганлиги ҳолати юзасидан туман ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан шу йил 13 апрель куни Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Чироқчидаги 134-мактаб ўқитувчиси Ш. Оққўзиев ўқувчисига "2" баҳо қўйгани учун унинг акалари томонидан калтаклангани ҳақида Озодлик ўтган ҳафта хабар қилган. Ўшанда туманнинг Умакай маҳалласи профилактика инспектори, катта лейтенант Сардор Аҳмедов ўқитувчининг калтакланиши юзасидан терговгача суриштирув олиб борилаётганини айтганди.

"Терговгача суриштирув кетяпти. Ҳозир калтакланган ўқитувчига етказилган жароҳат бўйича экспертиза ўтказдик, натижасини кутяпмиз. Шуни натижасига қараб ҳуқуқбузарларга баҳо берилади", деганди С. Аҳмедов Озодликка.

ХТВ қайдича, айни пайтда мазкур ҳодиса бўйича қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

XS
SM
MD
LG