Ссылки доступа

АҚШ қўшинлари Афғонистондан шу йил 11 сентябригача олиб чиқиб кетилади


АҚШ президенти Жо Байден Афғонистондаги америкалик ҳарбийларнинг барчасини 2021 йил 11 сентябрига олиб чиқиб кетилишини эълон қилишга ҳозирлик кўрмоқда.

Бу ҳақда АҚШ матбуотига расмий манбалар маълум қилган. Шу тариқа, Вашингтон май ойигача АҚШ аскарларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиш бўйича ўтган йили зиммасига олган мажбуриятни бажаролмай қолади. Ҳарбийларни 2021 йил май ойигача олиб чиқиб кетишга оид келишувга ўтган йили Дональд Трамп ҳокимият тепасида бўлган пайтда толиблар билан музокаралар натижасида эришилганди.

Аввалроқ Байден 1 майгача ҳарбийларни олиб чиқиб кетиш қийин бўлишини эътироф этган. АҚШ ва НАТО вакиллари илгари бир неча бор толиблар Афғонистонда зўравонлик даражасини пасайтириш бўйича ўз ваъдаларини бажармаганини билдирган. Толиблар, агар улар Афғонистондан олиб чиқишга ҳозирлик кўрилаётган пайтда АҚШ қўшинларига ҳужум қилишда давом этсалар, муносиб жавоб зарбаси олишларидан огоҳлантирилганлар.

АҚШ ҳарбийларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиш бўйича белгиланган янги муддат 2001 йил 11 сентябрида Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази ҳамда Вашингтондаги Пентагон биносига қилинган террор ҳужумининг 20 йиллигига тўғри келмоқда.

Жо Байден АҚШ аскарларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишнинг янги муддатига оид расмий баёнот билан 14 апрель куни чиқиш қилиши кутиляпти.

XS
SM
MD
LG