Ссылки доступа

IREX 15 йилдан сўнг Ўзбекистонга қайтади


Ўзбекистон Адлия вазирлиги 12 апрель куни бош ташкилоти АҚШда жойлашган Халқаро тадқиқотлар ва алмашувлар кенгашининг (IREX) Ўзбекистондаги филиалини давлат рўйхатидан ўтказди.

«Филиалнинг асосий мақсад ва вазифалари Ўзбекистонда фаровон ва тенг ҳуқуқли жамият қурилишига ҳисса қўшиш, Ўзбекистон ёшларининг имкониятларини кенгайтириш ва бўлажак раҳбарларни тарбиялашга, сифатли таълим ва ахборот олиш имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашиш», — дейилади Адлия вазирлиги хабарида.

Шунингдек, IREX Ўзбекистонга инглиз тили соҳибларини жалб қилган ҳолда ўқитувчилар малакасини оширишга ҳамда талабаларни инглиз тилини интенсив равишда ўрганишини таъминлашга кўмаклашади.

Филиал ўз мақсад ва вазифаларини Ўзбекистон Халқ таълими, Инновацион ривожланиш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда ўзаро ҳамкорликда амалга оширади, дея қайд этилди.

2006 йилда суд қарори билан IREXнинг Ўзбекистондаги филиали «устав ҳужжатлари ва миллий қонунчилик бузилгани» учун ёпилган эди. Ўшанда IREX билан бир қаторда Америка юристлар ассоциацияси, Internews Network, Freedom House, ACCELS, Counterpart International, «Марказий Осиё эркин алмашинувлар форуми» (CAFE), «Таълим воситасида глобал жалб қилиш» («Global Involvement through Education»), «Урбан институти», «Евроосиё жамғармаси», «Академик таълим ва тараққиёт бўйича ҳамкорлик» (PAD), Crosslink Development International ва Winrock International ваколатхоналари ҳам ёпилган.

XS
SM
MD
LG