Ссылки доступа

Наманган ИИБ “Наманганда диндорларга қарши қатағон” бўлганини инкор қилди


Наманган вилояти ИИБ ижтимоий тармоқларда тарқалган "Диндорларга қарши қатағон Наманган вилоятида давом этади” сарлавҳаси остида тарқатилган хабарга расмий муносабат билдирди.

Мазкур хабарга илова қилинган фотосуратда ҳижобдаги ўқувчи қизларнинг ҳуқуқ-тартибот идораси ходими қаршисида тик тургани акс этган эди.

ИИБнинг билдиришича, бу хабар асоссиздир. Ҳижобли қизларга ҳеч қандай босим кўрсатилмаган ва улар билан мактабга белгиланган формада келиши юзасидан профилактик суҳбат ўтказилган.

Расман маълум қилинишича, 8 апрель куни Янгиқўрғон туманидаги 10-сонли мактаб рахбарияти туман ИИБга мактабда аввалига 5 нафар, охирги кунларда 10 нафар қиз мактабга формада эмас, балки ҳижобда келаётгани тўғрисида “алоқа хати” жўнатган.

Туман ИИБ инспектори мазкур хат ортидан 10 апрель куни мактабга келиб, алоқа хатида кўрсатилган қизлар билан профилактик суҳбат ўтказган. Суҳбат давомида “ўқувчи қизларга рўмол ўрашлари мумкинлиги, бироқ, мактабга белгиланган тартибда кийиниб келишлари тушунтириб ўтилган”.

Наманган ИИБ билдирувида таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 август кунги 666-сонли қарори билан “Ўзбекистонда аҳоли турли миллат ва диний конфессиялар вакилларидан иборатлиги ҳамда мажбурий умумий ўрта таълим дунёвий характерга эгалиги муносабати билан ўқувчиларнинг мактаб формасига турли дин конфессиялари ҳамда субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга йўл қўйилмайди”.

XS
SM
MD
LG