Ссылки доступа

Бош прокуратура ёғ нархларини текширмоқда. Истеъмолчиларга кўра муаммо монополияда


Ўзбекистонликлар Рамазон ойини ўсимлик ёғи кескин қимматлаб кетган шароитда кутиб олди.

Нархлар, айниқса, сўнгги ҳафта ичида осмонга ўрлади: бир ҳафта олдин 1 литри 21 минг сўм бўлган кунгабоқар ёғ 14 апрелда 24 минг сўмга чиқди. Умуман эса, мутахассислар айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 34 фоизгача кўтарилганини айтмоқда.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси фикрича, жаҳон бўйлаб озиқ-овқат нархлари, шу жумладан ёғ нархи кўтарилгани маҳаллий савдо ташкилотлари учун нархлар паст даврда олиб келинган маҳсулотни ҳам қиммат сотишга баҳона бўлмоқда. Федерация вакили, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бир кеча-кундуздаёқ нархларни кескин кўтариб олаётганини айтаркан, "уларнинг нархни ошириб олишига асос йўқ", деди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси фикрича эса, "ички бозорларда нархлар кескин ўсишига биринчи навбатда ташқи жаҳон бозорларида нархлар ошиши ва ўтган ҳосил йилида етиштириш ҳажмлари нисбатан камроқ бўлиши" сабаб бўлмоқда.

Сўнгги ҳафталарда Ўзбекистонда бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлаб кетгани айтилмоқда. Бироқ умумий фонда, айниқса, ўсимлик ёғининг кескин қимматлагани сезилади.

Монополияга қарши курашиш қўмитасига кўра, “санитария қоида ва меъёрларига мувофиқ республика бўйича йилига 300 минг тоннадан ортиқ ўсимлик ёғи талаб этилади. 2020 йилда аҳоли истеъмоли учун 450 минг тоннадан зиёд ўсимлик ёғи муомалага чиқарилган бўлиб, шундан ярмидан ортиқроғи импорт қилинган”.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати фикрича, “ички бозорларда нархлар кескин ўсишига биринчи навбатда ташқи жаҳон бозорларида нархлар ошиши ва ўтган ҳосил йилида етиштириш ҳажмлари нисбатан камроқ бўлиши” сабаб бўлган ва “нархларини барқарорлаштириш мақсадида барча мутасадди вазирлик ва идоралар биргаликда барча зарур чораларни кўрмоқда”.

Ўзбекистонда ёғ-мой ишлаб чиқарувчилардан бири – Қўқон ёғ-мой комбинати раҳбарияти вакили қимматчиликни ёғ хом ашёси нархи ўтган йилдан бери “100 фоизга ҳамда жаҳон бўйлаб озиқ-овқат нархлари 30 фоизга ошиб кетгани” билан изоҳлади: “2020 йили кунгабоқар ва зайтун ҳосилининг бутун дунё бўйлаб кам бўлгани сабабли жаҳон мамлакатларида ёғ кескин қимматлаб кетди. Ўзбекистонда эса, чигит қимматлаб кетди”.

XS
SM
MD
LG