Ссылки доступа

ЕХҲТ Амалдаги раиси Душанбега келди


Шу йил Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига (ЕХҲТ) раисликни ўз зиммасига олган Швеция ташқи ишлар вазири Анн Линде Тожикистонга амалий ташриф билан келди.

Анн Линде ташрифи давомида Тожикистон раҳбарияти, жумладан, Президент Имомали Раҳмон билан учрашиши кутилмоқда. Шунингдек, у Тожикистон фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам учрашади.

15 апрель куни эрталаб Анн Линде Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин билан учрашди. Учрашув давомида, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг хабар беришича, томонлар «Швеция билан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик масалаларини, шунингдек томонларнинг ЕХҲТ доирасидаги ўзаро алоқаларини муҳокама қилдилар. Томонлар минтақадаги ва Афғонистондаги вазиятни ҳам муҳокама қилдилар».

Томонлар, шунингдек, «COVID-19 нинг иқтисодиётга таъсири, иқлим ўзгариши, терроризм ва экстремизм, гиёҳванд моддалар савдоси ва кибержиноятчиликка қарши кураш каби замонавий муаммоларга қарши биргаликда курашиш муҳимлигини таъкидладилар».

Европада тожик мухолифатчилари томонидан ташкил этилган Тожикистонда сиёсий гаровга олинганларни ва маҳбусларни қутқариш бўйича фуқаролар қўмитаси ЕХҲТ амалдаги раиси ташрифи олдидан Анн Линдени «тожик расмийларидан Иззатулло Холовнинг (Иззат Омон) зудлик билан озод қилинишини талаб қилишга чақирди».

Ушбу оппозиция қўмитаси ўз мурожаатида: «COVID-19 пандемияси пайтида минглаб тожик муҳожирларининг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиб, ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирган Иззат Омон ноқонуний равишда Россиядан Тожикистонга олиб кетилган ва у ерда ҳибсга олинган.»

Анн Линденинг Марказий Осиёга ишчи ташрифи 11 апрелда бошланиб, бугун, 15 апрелда тугайди. 12 апрелда у Қозоғистон раҳбарияти, жумладан, президент Қосим-Жомарт Токаев билан, 13 апрелда эса Қирғизистон президенти ва ушбу мамлакатнинг бошқа юқори мартабали амалдорлари билан учрашди.

Тожикистоннинг энг муҳим шерикларидан бири бўлган ЕХҲТ ушбу мамлакатда ўз фаолиятини фуқаролик уруши даврида, 1994 йил февралда бошлаган ва шу вақт ичида дастурларни амалга ошириш учун ўн миллионлаб доллар маблағ ажратган.

XS
SM
MD
LG