Ссылки доступа

Ўзбек расмийлари электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича эстонияликлар билан ҳамкорлик қилмоқда


Ўзбекистон ва Эстония электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамламоқда.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари О. Пекос 14 апрель куни Эстония Электрон бошқарув академиясининг ижрочи директори Х. Асток билан учрашиб, у билан икки мамлакат ўртасида электрон ҳукумат ва рақамли ривожланиш йўналишларида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, жумладан давлат хизматларини электрон шаклга ўтказиш, аҳоли ва тадбиркорлик субектларига хизматларни кўрсатишда электрон алмашинув механизмларини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилган.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати Эстониянинг бугунги кунда электрон ҳукуматни жорий этиш ва ривожлантириш бўйича Европа ҳамда дунёда етакчилардан бири бўлиб ҳисобланишини урғулаган.

“Болтиқбўйи давлатининг тажрибаси мамлакатимизда "Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш учун жуда муҳимдир”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Қайд этилишича, учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликнинг асосий масалалари ва йўналишларини акс эттирадиган меморандумни имзолаганлар.

XS
SM
MD
LG