Тожикистон Адлия вазирлигининг жиноий жазоларни ижро этиш бош бошқармаси бу воқеа ҳақида ҳозирча изоҳ бермади.
Салоҳиддин Саломовнинг онаси Савриннисо Саломованинг 14 апрель куни айтишича, воқеа бир ҳафта олдин содир бўлган. «Аслида нима бўлган, билмайман, ўғлим гапира олмаяпти. Аммо мен маҳбуслар ўртасида можаро келиб чиққанлигини, у ерда менинг ўғлим ҳам иштирок этганини билдим. Эртаси куни эрталаб у ухлаб ётганида, жиноятчилар қасос олиш учун унинг устига қайноқ сув қуйишган”, — дейди аёл.
Ваҳдат колонияси маъмурияти маҳбуснинг онасига воқеа сабабларини тушунтирмади. Нега колонияда низо келиб чиққанлиги ва маҳбус Салоҳиддин Саломов устидан ким қайноқ сув қуйгани ҳанузгача маълум эмас.
Айни пайтда, исмини сир сақлашни истаган манба, маҳбус Саломов бир неча кундан бери қамоқхона касалхонасида бўлганини тасдиқлади. Воқеадан хабардор бўлган, аммо исмини ошкор қилмасликни истаган шифокорлардан бири маҳбус танасининг 40 фоиз куйиши билан касалхонага ётқизилганини айтди. «У ерда яхши шифокорлар бор, агар маҳбус уларнинг маслаҳатига амал қилса, у тузалиб кетади», деб қўшимча қилди у.
Савриннисо Саломова аниқлик киритиш учун расмий равишда Тожикистон Адлия вазирлиги ГУИУНига мурожаат қилганини айтди. «Салоҳиддин бизнинг ягона ўғлимиз ва у кексайганимизда биз учун суянч бўлади деб умид қиламиз.» Аёлнинг таъкидлашича, қашшоқлик туфайли у ўғлини мактаб-интернатига беришга мажбур бўлган, шундан сўнг 2017 йилда у ўғирлик учун ҳибсга олинган. Салоҳиддин Саломов 10,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. «Колония маъмуриятининг унга қарши ҳеч қандай шикояти йўқ эди. Ташрифлар пайтида Салоҳиддин қилган хатосини тушунишини ва чин дилдан тавба қилишини айтади», — дейди маҳбуснинг онаси.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 19 майда Душанбедан унча узоқ бўлмаган Ваҳдат шаҳридаги қаттиқ тартибли колонияда тартибсизликлар юз берган эди. Тартибсизликлар натижасида 29 маҳбус ва колониянинг уч ходими ўлдирилди.