Ссылки доступа

Қозоғистонда Хитой иштирокидаги компаниялар нефтчилари иш ҳақини оширишни талаб қилмоқда


Қизилўрда вилоятидаги «Куатамлонмунаи» нефть компаниясининг 300 дан ортиқ ишчилари иш ҳақини оширишни талаб қилмоқда.

Агар талаблар раҳбарият ва ҳокимият томонидан инобатга олинмаса, улар иш ташлашга тайёр эканликларини билдирмоқдалар. Нефтчиларнинг сўзларига кўра, айни вақтда улар ойига ўртача 110 минг танга (тахминан 250 доллар) олади.

«Биз маошларнинг камида 250 минг тангага кўтарилишини талаб қиламиз. Бизнинг орамизда ҳатто 90 минг оладиганлар ҳам бор», — дейди ишчилардан бири.

Интернетда жойлаштирилган видеода ишчилар Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Токаев, энергетика вазири Нурлан Нўгаев ва Қизилўрда вилояти ҳокими Гулшара Абдикаликовага юборилган мурожаатни ўқишди.

«Озиқ-овқат маҳсулотларининг кўтарилиши ва бозордаги нархларнинг ўсиши сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Маош 2017 йилдан бери ошмади. Ўтган йилнинг 24 ноябрида биз иш ҳақини ошириш тўғрисида корхона раҳбариятига коллектив хат юбордик. Бир нечта учрашувлар бўлиб ўтди. Йил бошида, 5 январь куни вилоят ҳокимининг вакили ва меҳнат инспекцияси бошлиғи, касаба уюшма раиси иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди, аммо барчаси бефойда тугади», — дейди нефтчилар.

Видеода тахминан 40 киши объективга тушиб қолди. Нефтчиларнинг сўзларига кўра, компанияда ротацион асосда 350 дан ортиқ киши ишлайди, уларнинг барчаси мурожаатни қўллаб-қувватлайди.

Куатамлонмунаи компаниясини Хитой фуқаролари бошқаради. Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, Сонг Ҳуайю Қозоғистон-Хитой қўшма корхонаси директори сифатида кўрсатилган.

Куатамлонмунаи нефтни Қизилордан 160 километр узоқликда жойлашган кондан қазиб олади. Компания конларни қидириш, нефть ва нефть маҳсулотларини сотиш ва нефтни қайта ишлаш заводларига сотиш билан шуғулланади.

Сўнгги бир неча ой ичида Қозоғистонда турли минтақалардаги турли корхоналар ишчиларининг иш ташлашлари тез-тез бўлиб, иш ҳақини ошириш ва иш шароитларини яхшилашни талаб қилмоқда. Январь ойи охирида КМК Мунай ва АМК Мунай компаниялари нефтчилари Оқтўбе вилоятида иш ташлашди, уларнинг иш берувчилари муросага келишди ва норозилик тугади. Кран операторлари, автобус ҳайдовчилари ва бошқалар ҳам февраль ва март ойларида иш ҳақини ошириш талаблари билан чиқишди.

XS
SM
MD
LG