Вазирликка кўра, мактаб ўқувчилари пайпоғининг узунлигини текшириш ҳолати Тошкентдаги фақат битта мактабда - Миробод туманидаги 110-мактабда бўлиб ўтганлиги аниқланган.
Халқ таълими вазирлигининг баёнотига кўра ҳозирда ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Вазирлик мактабларга болаларнинг пайпоғи узун-калтагинини текширишга ҳеч қандай топшириқ бермаганини айтмоқда.
Адлия вазирининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова Telegram’даги каналида ўғли ўқийдиган Тошкентдаги мактабда дарс пайти ўқувчи болаларнинг оёқ кийимлари ечтирилиб, пайпоғи калта-узунлиги текширилгани, калта пайпоқли ўқувчиларнинг оёқларини эса суратга олишгани ҳақда маълум қилганди.
Соатованинг қайд этишича, бу ҳолат болаларга ЛГБТга қарши кураш, деб тушунтирилган.
У мактабларга дарс ўрнига ЛГБТ мавзусини ортиқча эслатадиган маърузалар кириб борганини ҳам қоралаган.
"Дарс ўрнига ЛГБТ мавзусини ортиқча эслатадиган маърузалар кириб бордими мактабларга? Абсурд даражага олиб чиқяпсизлар-ку антитарғиботни. Мавзуни ёпинглар энди, ҳеч бўлмаса, мактабларда! Мен буни ҳам ЛГБТ тарғиботи деб баҳолайман, қора пиар ҳам пиар, ахир", — деб таъкидлаган Шаҳноза Соатова.
Ўтган йил август ойида "Ўзбекистон" телеканали орқали эфирга узатилган Қуддус Аъзамовнинг "Муносабат" кўрсатувида унинг қатнашчилари ўзбек жамиятида ёшларнинг кийинишини кескин қоралашган.
Ўзбекистон мактабларида ЛГБТга қарши кураш сифатида ўқувчиларнинг пайпоғи текширилгани ижтимоий тармоқларда мазаҳ ва хавотир билан қаршиланди.
Facebook фойдаланувчиси Дилноза Тўраева курьер хизматчилари номидан: "Буюртмангизни узун пайпоқ кийган курьер олиб боришини кафолатлаймиз", дея ҳажв қилди.