Ссылки доступа

Туркманистонда мамлакат президентининг отаси вафот этди


Туркманистонда 18 апрель куни президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг отаси Маликгули Бердимуҳамедов 88 ёшида вафот этди. Бу ҳақда хабар қилган Туркманистон давлат оммавий ахборот воситаларида ҳали ўлим ва дафн тафсилотларига оид маълумотлар тарқатилгани йўқ.

Давлат телевидениеси президентнинг отаси вафот этгани ҳақида маҳаллий вақт билан соат 21:00 да эфирга чиққан “Ватан” ахборот дастурида хабар қилди.

Маликгули Бердимуҳамедовнинг вафотига оид норасмий манбалардан маълумотлар Озодликнинг туркман хизматига 18 апрель тонгидаёқ кела бошлаган.

Туркман нашрларида чоп қилинган таъзияномалардан маълум бўлишича, М. Бердимуҳамедов 1932 йилнинг 12 августида Геоктепа этрапининг Бирлешик-1 қишлоғида туғилган. Турли йилларда кутубхоначи, бошланғич синфлар ўқитувчиси, туркман тили ва адабиёти муаллими бўлиб ишлаган, армия хизматидан кейин ҳарбий билим юртини тугатиб, Ички ишлар вазирлигида турли лавозимларда ишлаган ва подполковник унвони билан пенсияга чиққан.

Туркманистон оммавий ахборот воситаларида чиққан расмий хабарларда Маликгули Бердимуҳамедов қаҳрамон ва ёшларга ўрнак ўлароқ кўрсатилади. Унинг қишлоқ аҳлига ёрдам бергани, “Биз енгамиз”, “Қўй, уруш бўлмасин”, “Кўпроқ дон экайлик” каби шеърлар ёзгани қайд этилади.

Президентнинг отаси номи Ашхободдаги 1001-ҳарбий қисмга ҳамда Чўғанлидаги ИИВ ходимлари учун қурилган турар-жой мажмуасига берилган, мамлакатда Маликгули Бердимуҳамедов номидаги медаль ҳам таъсис этилган.

Ўтган йиллар мобайнида Туркманистондаги нашрлар президентнинг отаси Маликгули Бердимуҳамедов, онаси Ўгулабат ва унинг бобоси Бердимуҳамед Аннаевни шарафлаб келган, бу эса, кузатувчилар фикрича, давлат раҳбари шахсига сиғинишга асос бўлган.

XS
SM
MD
LG