Ссылки доступа

Ingenuity вертолёти Марсда илк парвозини амалга оширди


Ingenuity вертолёти

Perseverance ровери ёрдамида Марсга етказилган Ingenuity вертолёти бошқа сайёрада бошқариладиган парвозни амалга оширган биринчи двигателли учиш аппарати сифатида тарихда қоладиган бўлди.

Дроннинг учирилиш жараёни Америка аэрокосмик агентлиги (NASA)нинг Youtube’даги расмий каналида трансляция қилинди.

Парвоз видеотасвири кейинроқ эълон қилинади. Ҳозирча NASA вертолётнинг қуйи қисмида жойлашган камераси ёрдамида олган фотосуратни эълон қилди. Суратда Марс юзаси узра кўтарилаётган Ingenuity сояси кўриниб турибди.

Дрон парвози 30 сонияга яқин давом этди. У уч метрдан зиёдроқ баландликка кўтарилди. Ingenuity яна тўрт марта синов тариқасида учирилади. Вертолёт зичлиги Ер атмосферасиникидан 100 карра паст бўлган Марс атмосферасида учиш технологиясини ўзлаштирмоқда. Дрон синови 30 Марс кунига яқин вақт давом этади.

Вазни қарийб икки килога тенг бўлган аппарат бунга қадар Perseverance марсюрари ичида эди. Худди шу ровер воситачилигида Ingenuity билан Ердаги бошқарув маркази ўртасида алоқа таъминланди.

Perseverance ровери жорий йилнинг 19 февраль куни Марсдаги Езеро кратерига қўнган эди. Мазкур кратер бир замонлар сувга тўла бўлгани тахмин қилинади. Марсюрар сайёрада қадимда ҳаёт мавжуд бўлгани белгиларини топишга уриниб кўради ҳамда тупроқдан намуналар олади.

Perseverance ўтган йилнинг июлида Марсга жўнатилган. Қурилма "Марс-2020" миссияси доирасида 700 ер суткасига яқин вақт давомида “Қизил сайёра”да иш олиб боради.

XS
SM
MD
LG