Ссылки доступа

Қозоғистонда «Бургылау» билан шартнома тузган нефтчилар иш ташлашди


Жанаозендаги «Бургылау» нефть конларига хизмат кўрсатувчи компаниянинг пудратчиси бўлган “Фиркрофт” нинг 95 ходими 19 апрель куни иш ташлашди. Бу ҳақда душанба куни Vlast.kz янгиликлар сайти маълум қилди.

Аввалроқ, ишчилар Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Токаев ва Мангистау вилояти ҳокими Серикбай Трумовга видеомурожаат ёзиб олишган, улар нефть хизмати компанияси уларга қонунда белгиланганидан кам маош тўлашларини айтган ва уларнинг муаммоларини ҳал қилинишини талаб қилишган.

Меҳнат кодексига киритилган ўзгартишларга кўра аутсорсинг компаниялари ходимлари ўзлари ишлаётган корхоналар ходимларининг иш ҳақига тенг иш ҳақи олишлари керак. Ушбу қонун ўтган йили Президент Токаев томонидан имзоланган ва шу йилнинг январида кучга кирган. Бироқ, намойишчиларнинг сўзларига кўра, «Бургылау» пудратчи ишчилари учун иш ҳақини оширмаслик йўлларини топмоқда.

Душанба куни меҳнат инспекцияси, Жанаозен шаҳар ҳокимининг ўринбосари ва маслаҳатчиси билан ўтказилган учрашув муваффақиятсиз якунланди, деди ишчилардан бири Власт.кз сайтига.

Нашрнинг таъкидлашича, 2021 йил 1 январда Бургйлау компанияси “Фиркрофт” компанияси билан шартномани янги асосларда узайтирди, бу эса кейинги маошларини оширмасликка имкон беради. Улардан шартномага қўшимча тузишни сўрашган, аммо Фиркрофт ишчилари буни рад этишган.

Жанаозен шаҳар ҳокими Мақсат Ибагаров билан февраль ойидан бери ўтказилган ишчиларнинг бир неча учрашувлари керакли натижани бермади.

Сўнгги бир неча ой ичида Қозоғистонда турли минтақалардаги турли корхоналар ходимларининг иш ташлашлари тез-тез бўлиб турди, улар иш ҳақини ошириш ва иш шароитларини яхшилашни талаб қилдилар. Ўтган ҳафта Қизилорда вилоятидаги “Куатамлонмунаи” нефть компаниясининг 300 дан ортиқ ишчилари иш ҳақини оширишни талаб қилишди.

Январь ойи охирида КМК Мунаи ва АМК Мунаи компаниялари нефтчилари Оқтўбе вилоятида иш ташлашди, уларнинг иш берувчилари ён бердилар ва норозилик тугади. Кран операторлари, автобус ҳайдовчилари ҳамса бошқалар февраль ва март ойларида иш ҳақини ошириш талаблари билан чиқишди.

XS
SM
MD
LG