Жорий йилнинг 20 январь куни Бош вазир Абдулла Арипов ўтказган мажлисда асли жиззахлик миллиардер Фаттоҳ Шодиев кланига қарашли SFI Management Group кескин танқид билан заводни бошқаришдан четлатилган эди.
Айни мажлисда Марказий Осиëдаги энг йирик қора металлургия заводи бўлган Ўзметкомбинатга Дилшод Аҳмедов янги ижрочи директор этиб тайинланди.
Бахтиëр Фозилов таъсисчиси бўлган Eriell ва Enter Engineering компаниялари асосий акциядори эса айнан Россия олигархлари назоратидаги Газпромбанк ва унга алоқадор тизимлардир.
Озодлик суриштируви давомида Ўзбекистондаги энг йирик металлургия заводига молиявий ва ишлаб чиқариш бўйича директор лавозимига олиб келинган россияликлар ишлаган заводларнинг банкрот бўлиб¸ Газпромбанк назоратига ўтгани аниқланди.
Озодлик ихтиëрида ҳозирча Ўзбекистон Металлургия комбинатининг Eriell гуруҳи бошқарувига берилганига оид расмий ҳужжат йўқ. Айни пайтда завод бошқарувидаги шахсларнинг Озодликка сиздирилган ўзаро ëзишмалари¸ қолаверса¸ Дилшод Аҳмедов директорликка келганидан кейин чиқарилган айрим қарорларнинг Озодлик ихтиëридаги нусхалари бошқарувнинг амалда Eriell га берилганини тасдиқлайди.
Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги¸ Ўзбекистон Металлургия комбинати АЖ матбуот хизмати¸ шунингдек Eriell гуруҳи матбуот котиби Озодликнинг бу маълумотга ойдинлик киритиш ҳақидаги сўровини жавобсиз қолдирди – улар Ўзметкомбинатнинг Eriell бошқарувига ўтганини на тасдиқлади, на инкор қилди.
2017 йил сентябрида Ўзметкомбинат бошқарувини бир неча ой олдин рўйхатга олинган SFI Management Group назоратига шахсан Шавкат Мирзиëевнинг ўзи топширган эди.
Мирзиëев президент бўлиши билан Ўзбекистондаги аксар сердаромад давлат компаниялари ишончли бошқаруви берила бошланган бу гуруҳнинг Шавкат Мирзиëев билан қудачилик ришталарига эга россиялик олигарх Алишер Усмоновга қарашли экани айтилди. Аммо Усмонов Россия матбуотига берган интервьюсида SFI Management Groupнинг бошқа бир олигарх дўсти – Фаттоҳ Шодиевнинг акаси Қобул Шодиевники эканини билдирди.
20 январдаги мажлисдан сўнг Ўзбекистон ҳудудида лом ва қора металлар чиқиндиларини (харид қилиш) тайёрлаш бўйича ягона ваколатли орган ҳисобланадиган Ўзметкомбинатни SFI Management Group бошқаргани ҳақидаги маълумотлар ўчириб ташланди – завод расмий сайтида бу гуруҳ ва унинг заводдаги уч йилдан ошган бошқарувига оид бирор маълумот йўқ.
Озодликнинг Ўзметкомбинатдаги вазиятдан яхши хабардор манбалари¸ SFI Management Group Мирзиëевга ваъда қилинган инвестицияни олиб кирмагани¸ уч йил давомида завод фаолиятини янада ëмонлаштирганини таъкидлади.
Айни пайтда¸ Ўзметкомбинатдаги ўз бошқарувини ўз расмий сайтида ниҳоятда юқори баҳолаган SFI Management Group уч йил ичида заводда ҳамма соҳада фақат ўсиш бўлганини иддао қилди.
2021 йилнинг 20 январь куни Ўзметкомбинат ишончли бошқаруви SFI Management Groupдан қандай ими-жимида олинган бўлса¸ Шодиевлар Ўзметкомбинатга олиб келган бошқарувчиларнинг кўпчилиги ҳам айни шундай сассиз ва изсиз ғойиб бўлди. Улар ўрнига¸ шахсан Арипов буйруғи билан кўпчилиги Eriell гуруҳи ва Газпромбанк тизимидан чиққан шахслар қўйилди.
Асли самарқандлик Бахтиëр Фозилов таъсис қилган Eriell group акцияларининг катта пакет акцияси айнан Россиянинг Газпромбанки назоратида. Компания расмий сайтидаги маълумотга кўра¸ унинг ягона кредитори ҳам айнан Газпромбанкдир.
20 январь куни Бош вазир Абдулла Арипов ўтказган йиғилишда Ўзметкомбинат АЖ бошқаруви раиси қилиб шу заводда ишлаб келган Рашид Пирматов тайинланди.
Айни шу мажлисда, Ўзметкомбинат АЖ матбуот хизматининг билдиришича¸ Дилшод Aҳмедов комбинат бошқарув раисининг биринчи ўринбосари¸ ижрочи директор этиб тайинланди.
Озодлик тасарруфидаги ҳужжатларга кўра¸ Ўзметкомбинат бошқаруви алмашган 20 январь арафасида мамлакатдаги йирик цемент заводлари¸ хусусан¸ Қизилқумцемент¸ Бекободцемент АЖ билан клинкер ишлаб чиқариш учун зарур хом ашë компоненти бўлган темир окалинанинг ҳар бир тоннасини 350 минг сўмдан сотиш ҳақида шартнома имзолаган.
Ўзметкомбинат Eriell бошқарувчиларига топширилганидан бир ой ўтиб бу шартномалар бекор қилинган ва айни маҳсулот учун янги нарх – ҳар бир тоннасига 1 000 500 сўм белгиланган.
Цемент заводлари бундай нархдаги окалина олишни истамагани ортидан Ўзметкомбинат¸ Озодлик кўрган шартнома нусхаларига кўра¸ март ойида мазкур маҳсулотни катта миқдорда Eriell Group таркибидаги компанияларга сота бошлаган.
“Заводлар бирваракайига уч бараварга қимматлаган окалинани олмаслигини олдиндан билиб¸ нархни кўтаришди. Ҳозир цемент заводлари биз олмагандан кейин нарх тушади¸ деб кутиб турипти. Лекин бу орада Ўзметкомбинат асосий объемни Eriellга берди. Эртага окалина харидорлари Ўзметкомбинатдан эмас¸ балки Eriellдан олишга мажбур бўлади. Фақат энди 1 миллион эмас¸ Eriell белгилайдиган нарх¸ масалан¸ 2 миллионга олишга мажбур бўлади. Даромадни Ўзметкомбинат эмас¸ Eriell қилади”¸ дейди Ўзметкомбинат мутахассисларидан бири.
Очиқ манбалардаги расмий ҳужжатлар¸ қолаверса¸ Озодликка сиздирилган ҳукумат қарорлари ва бошқа ҳужжатлар Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келгандан сўнг Бахтиëр Фозиловга қарашли Eriell, Enter Engineering, Ferkensco, Wind rose, Air Marakanda компанияларига мамлакатдаги энг йирик давлат буюртмалари берилаëтганини кўрсатади. Ҳеч бир тендер ва рақобатсиз миллиардлаб долларлик лойиҳалар пудратчиси этиб танланаëтган бу компаниялар лойиҳа ижроси давомида импорт божи ва бошқа барча солиқлардан озод қилинмоқда.
Хусусан¸ Озодликнинг жорий ҳафта эълон қилинган суриштируви Ўзбекистондаги иккинчи йирик Самарқанд халқаро аэропортини бошқариш президент ва Бош вазирнинг бевосита фармон ва қарори асосида ўтмиши йўқ Air Marakanda МЧЖга берилганини ўртага чиқарди.
Суриштирув давомида уч йилга ниҳоятда улкан имтиëзлар берилиб¸ ҳар қандай бож ва солиқдан мутлақ озод этилган хусусий шерикнинг оффшорда бекитилган компаниялар орқали яна Бахтиëр Фозиловга қарашли экани аниқланди.
15 апрель куни Самарқандга борган Шавкат Мирзиëевга сафар давомида Бахтиëр Фозилов ҳамроҳлик қилди. Хусусан¸ президент матбуот хизмати эълон қилган суратлардан Фозиловнинг нафақат Самарқанд халқаро аэропорти¸ балки Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига тайëргарлик доирасида 212 гектарлик ҳудудда қурилаëтган янги шаҳар қурилишининг бош муаллифи экани англашилади.