Ссылки доступа

ЕКПА Навальнийни озод этиш талаб қилинган резолюцияни овозга қўяди


Европа Кенгашининг Парламент ассамблеяси (ЕКПА) депутати россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийни қамоқдан озод этишга чақирилган резолюция лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжат 22 апрель куни Ассамблеяда овозга қўйилиши кутилмоқда.

"Немис тўлқини" хабарига кўра, ўша куни Страсбургда Навальнийнинг ҳибс қилиниши ва қамоққа жўнатилиши мавзусида шошилинч дебатлар ўтказилиши режалаштирилган. Сиёсатчини озод қилиш талаби ифодаланган резолюцияни дебатларда асосий маърузачи сифатида иштирок этиши кутилаётган француз депутати, “Либерал ва демократларнинг Европа учун бирлиги” партияси вакили Жак Мэр тайёрлаган.

Ҳужжатда депутат Россияни Европа Кенгаши Вазирлар қўмитасининг инсон ҳуқуқлари риоясига бағишланган навбатдаги йиғилиши ўтказилгунга қадар “нима бўлса ҳам” озод этишга чақиради. Мазкур йиғилиш 7 июнь санасига белгиланган.

Депутат ўз чақириғида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг сиёсатчини дарҳол озод этиш талабини асос қилиб келтирган.

ЕКПА депутатлари 27 январда бўлиб ўтган қишки сессия чоғида ҳам Москвани мухолифатчини озод қилишга чақиришганди. Ўшанда Россиядан пайсалга солмай, Ассамблеяга мазкур иш бўйича маърузачи жўнатиш талаб қилинган эди. Аммо Россия бу талабга қулоқ солмаган.

Россия адлия вазирлиги мухолифатчини Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди талабига кўра озод этиш мумкин эмаслигини билдирганди. Вазир Константин Чуйченко суд баёнотини “ижро этилмаслиги кундай равшан ҳужжат” деб атаган.

Февраль ойи бошларида Европа Кенгашининг Вазирлар қўмитаси суд қарорлари Москва томонидан бажарилмаётгани хусусидаги Навальнийнинг шикоятини кўриб чиқишга қабул қилди. Қўмита шикоятни асосли деб топган тақдирда, Россиянинг Европа Кенгашидаги ҳуқуқлари тўхтатиб турилади, Европа суди эса Россияга қарши яна битта — унинг қарорларини ижро этмаганлик бўйича даъво ишини кўриб чиқишни бошлайди.

XS
SM
MD
LG