Ссылки доступа

Тожикистон Матбуот эркинлиги индексида битта поғонага пастлади


Тожикистон матбуот эркинлиги индекси рейтингида ўтган йилга нисбатан бир поғона пасайиб, 162 ўринни эгаллади. Бу ҳақда «Чегара билмас мухбирлар» халқаро ноҳукумат ташкилоти сайти хабар берди.

20 апрель куни эълон қилинган Жаҳон матбуоти эркинлиги индексида айтилишича, тожикистонлик расмийлар рус моделига амал қилган ҳолда коронавирус пандемиясини журналистларнинг маълумот олиш ва жойида ишлашини чеклаш учун асос қилиб олган. «Ушбу мамлакатда юқумли касалликлар тўғрисида оммавий ахборот воситаларида ҳар қандай «ёлғон» ёки «нотўғри» маълумотлар энг кам иш ҳақининг икки бараваригача жарима ёки 15 кунлик қамоққа олиб келиши мумкин», деб ёзади «Чегара билмас мухбирлар». Ташкилот расмийларнинг мақсади журналистларни коронавирус ҳақида расмий манбалардан олинмаган ҳар қандай маълумотни ўз-ўзини цензура қилишга мажбур қилиш эканлигини истисно этмайди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил июнь ойи бошида Тожикистон парламенти Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш киритди, бу коронавирус пандемияси тўғрисида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда била туриб ёлғон маълумотларга тегишли эди.

«Чегара билмас мухбирлар»нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича бюроси раҳбари Жанна Кавелиернинг айтишича, 20 апрель куни Тожикистон ҳукумати коронавирус ҳақидаги сохта хабарларга қарши кураш баҳонасида мустақил оммавий ахборот воситаларига босимни кучайтирган. «Расмийлар томонидан қабул қилинган қарорга биноан, оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда юқумли касалликлар тўғрисида ҳар қандай «ёлғон» ёки «нотўғри» маълумотлар катта миқдордаги жарима ёки 15 кунлик ҳибсга олиш шаклида жазога сабаб бўлиши мумкин. Бу шуни англатадики, журналистик муҳитда ўз-ўзини цензураси сезиларли даражада ошади. Тожикистондаги мустақил оммавий ахборот воситаларининг аксарияти ёпилган, хусусан, ўтган йили «Ахбор» веб-сайти ёпилган. Журналистлар босим ва ҳужумлар остида. Азия-Плюс ахборот агентлиги журналисти Абдулло Гурбати нашрлари учун калтакланди. Бошқа бир журналист Далер Шарифов эса сохта айбловлар билан бир йилга озодликдан маҳрум этилди», — деди Кавалиер хоним.

Шунингдек, у «Чегара билмас мухбирлар» жиноий жавобгарликка тортилган журналист Ҳикматилло Сайфуллозоданинг соғлиғидан хавотирда эканини таъкидлади. Тожикистон ҳукумати Сайфуллозода касбий фаолияти учун эмас, балки 2015 йил сентябрь ойида генерал Абдуҳалим Назарзоднинг исёнига алоқадорлиги учун судланганини даъво қилмоқда. Журналистнинг қариндошлари бу айбловни қатъиян рад этишмоқда.

Жанна Кавелиер, шунингдек, тожикистонлик расмийлар кўпинча «исталмаган» хорижий оммавий ахборот воситаларининг журналистлари учун аккредитациясини янгилашдан бош тортишини таъкидлади. «Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Тожикистон журналистлар учун энг ёмон иш жойлардан бири», — дейди у.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти шунингдек, тожик ҳукумати оммавий ахборот воситаларини сўнгги технологиялар ёрдамида назорат қилаётгани ва сиёсий рақибларини обрўсизлантириш учун “трол фабрикаси» ташкил қилганини таъкидламоқда. Душанбе ижтимоий тармоқларга, мессенжерларга ва янгиликлар сайтларига киришни мунтазам равишда тўсиб туришда давом этмоқда, дейилади ташкилот ҳисоботида.

Тожикистон расмийлари ҳар йили матбуот эркинлиги индексининг объективлигига шубҳа билан қарашади. 2019 йилда Тожикистон парламенти қуйи палатасининг Халқаро ишлар, жамоат бирлашмалари ва ахборот қўмитаси раиси Олим Салимзода «Чегара билмас мухбирлар» ҳисоботини «бир томонлама» ва «Тожикистондаги ҳақиқий вазиятни акс эттирмайдиган» деб атади. Тожикистон қонунлари сўз эркинлигини кафолатлайди, дея таъкидлади Салимзода.

Эслатиб ўтамиз, 30 март куни АҚШ Давлат департаменти веб-сайтида эълон қилинган Тожикистонда инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги ҳисоботда коронавирус пандемияси тўғрисида «ёлғон маълумот тарқатганлик» учун жазони назарда тутувчи қонунга киритилган ўзгартиришлар эркинликни чеклаш деб таърифланган эди. Хабарда Абдулло Гурбатининг калтакланиши, Озоди Радиоси журналистларининг аккредитациядан маҳрум қилиниши, журналист Мирзо Салимпурнинг қариндошларига босим, Далер Шарифовнинг қамоққа олиниши ва Азия-Плюс веб-сайтининг блокланиши мисол қилиб келтирилган.

XS
SM
MD
LG