Ссылки доступа

“Худди концлагердагидай”. “Трест-12”да ишчилар 12 соатлаб ишлатилмоқда


Коррупция ҳамда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ можаро марказида қолаётган Ўзбекистон Қурилиш вазирига алоқадор “Трест-12” ширкатида ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқлари сурункали поймол этилаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Ширкатнинг ПМК-2 кўчма механизация колоннаси ишчилари Ўзбекистон Меҳнат кодексида белгиланган 8 соат ўрнига 12 соатлаб меҳнат қонунчилигига зид тарзда дам олиш кунларисиз ишлаётганликларини айтишмоқда.

Тошкентнинг Мустақиллик майдонидаги илгари Халқ таълими, Маданият, Молия вазирликлари жойлашган 14-қаватли маъмурий бинони реконструкция қилиш ишларини олиб бораётган “Трест-12”нинг ПМК-2 ишчиларидан бири 16 апрель куни Озодлик билан суҳбатда меҳнат шароитини "концлагердагидай" деб атади.

“Ташкилот ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномасида, аслида 8 соатдан беш иш куни қилиб белгиланган, иш ҳақи ҳам шунга яраша белгиланган. Лекин худди немисларнинг концлагеридагидай ҳафтасига етти кун, кунига 12 соат ишлаймиз. Ортиқча ишлаганимиз учун ҳақ беришмайди. Оладиганимиз 1 миллион 700 минг сўм. “Хоҳламасанг, бор кетавер, ўрнингга бошқасини оламиз”, дейишади. Кўпчилик вилоятлардан келган, ноиложликдан юрибди. Бошқа жойда иш бўлса бир минут ҳам бу ерда турмасдик. Булар ҳам бизни вазиятимизни билиб, шундан фойдаланяпти. Россия ёпиқ. Россия очиқ бўлганида сал енгиллик бўларди. Шунга ҳозир ҳар қандай оғир шароитга рози бўлиб ишлашга мажбур бўляпмиз”, - дейди ишчи.

Сурхондарёнинг Қизириқ туманидан бўлган 43 ёшли Раҳматилла Жалилов 6 апрель куни лифт шахтасидан йиқилган ва касалхонада ҳушига келмай, жон таслим қилган.

“Албатта, ҳамкасбимиз ўлимида бировнинг айби бор демайман, аммо кучли жисмоний зўриқишлар кўп бўляпти. Сабаби бизлар эрталаб соат 8:00дан токи кеч соат 21:00гача без виходной, без перертв тинимсиз меҳнат қиляпмиз. На дам олганимизни биламиз ва на еган-ичганимизни. Ҳамкасбимиз Раҳматилла кимнингдир суюкли ёри, кимнингдир суюкли акаси ҳамда укаси, кимнингдир дунёда тенги йўқ отаси, кимнингдир юрагининг бир парчаси, жигари, нури дийдаси, суюкли фарзанди эди, афсус, энди у орамизда йўқ. Қизимни узатаман, деб ишлаб юрувди, тўй азага айланди”, - дейди хавфсизлиги туфайли исми очиқланмаслигини сўраган “Трест-12” ширкатига қарашли ПМК-2 ишчиси.

Кўчма механизация колоннаси бригада бошлиқларидан бири ўлим холатини тасдиқларкан, буни “бахтсиз ҳодиса” деб атади.

“Ҳозир суриштирув кетяпти, баландликка чиққанда хавфсизлик камарини боғлаганми, мана шу ҳолатлар ўрганиляпти. Ишчининг оиласига моддий ёрдам берилди. Ортиқча соат ишлагани учун, деган гап нотўғри. Баъзида улгиролмасак, бўлди иш вақти тугади, деб кетиб қолмайсизку. Бетон қотиб қолиши мумкин. Қурилиш бу, муддатлар белгиланган. Ишчилар шунга яраша яхши ойлик олишади, ўзлари рози бўлиб ишлашяпти, ҳеч ким мажбурлаётгани йўқку”, - дейди ПМК-2нинг исмини айтмаган бридага бошлиқларидан бири.

Ўтган ҳафта бошида маҳаллий нашрлар Қурилиш вазири Ботир Зокировнинг яқин қариндошлари таъсисчилари бўлган “Трест-12” ширкати Тошкентнинг Мустақиллик майдонидаги маъмурий бино ва автотураргоҳ қуришни ўз ичига олган салкам ярим триллион сўмлик лойиҳа пудратчиси этиб танлангани ҳақида ёзди.

Gazeta.uz нашри ўз маълумотларига таяниб, 1994 йилда рўйхатга олинган “Трест-12” ширкати таъсисчилари қаторида вазирнинг турмуш ўртоғи Муҳайё Зокирова ва ўғли Жасур Зокировни тилга олди.

“Трест-12” ширкати сайтидаги маълумотларга қаралса, ишчилари кунига 12 соатлаб ишлатилаётган ПМК-2 кўчма механизация колоннасининг бошлиғи ҳам айнан Жасур Зокировдир.

Озодликнинг ПМК-2 ишчилари иддаолари юзасидан жаноб Зокировдан изоҳ олиш урунишлари бесамар бўлди.

XS
SM
MD
LG