Ссылки доступа

К.Алламжонов сўз эркинлиги учун масъул бўлганларга кинояли ташаккур изҳор этди


Комил Алламжонов
Комил Алламжонов

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича бу йилги рейтингида Ўзбекистон бир поғона пастлагани муносабати билан ўз Телеграм-саҳифасида кинояли пост қолдирди.

“Ҳар йили шу пайтда Ўзбекистоннинг сўз эркинлиги рейтинги ошаётганини айтиб”, мақтанганини эслатган К.Алламжонов “бу йил ушбу соҳага масъул бўлган барча мутасаддиларга машаққатли, сермазмун, ижодий ва тинимсиз меҳнатлари учун катта "раҳмат" айтмоқчи” эканини билдирган.

“Барака топинглар, ҳурматлилар. Рейтинг-пейтинга бало борми, тоже мне. Тушди нима, кўтарилди нима, тўғрими? Ота-бобонг қилган ишни қилсанглар бўлмайдими, дейдиган одам йўқ. Чойхоналаримиздан, гап, улфатчиликларимиздан қўймасин. Зато бизда Бунёдкор стадиони бор. Файзимизни берсин”, дея кесатган Комил Алламжонов.

Луқма сўнгидаги иловада Миллий масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси: “лицейда ўқиб юрган пайтларимиз, дарсда тўполон қилсак, адабиёт ўқитувчимиз Феруза опа бизга "Қанча қилма тарбия, хўтикла кучукчани, ит бўлур, эшак бўлур, асло бўлмас одамий", дердилар. Негадир шу эсимга тушиб кетди ҳозир. Нимага экан?” дея савол ташлаган. Афтидан, К.Алламжонов бу ерда ҳазрат Навоийнинг “Наводируш-шабоб” девонидан ўрин олган 43-қитъасига дохил “Ким, кучук бирла хўдукка неча қилсанг тарбият,//Ит бўлур, доғи эшак, бўлмаслар асло одами” мисраларини назарда тутган бўлса керак.

Матбуот эркинлиги бўйича “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти томонидан тузилган бу йилги рейтингда Ўзбекистон 180 давлат ичида 157-ўринни эгаллагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

XS
SM
MD
LG