Ссылки доступа

Туркманистон ҳукуматининг танқидчиси Туркияда унга босим ўтказилганини даъво қилмоқда


Истанбулда яшовчи туркман фаол Дурсолтан Таганова Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовни танқид қилгани учун Туркия Миграция Хизматининг босими ҳақида гапирди. Бу ҳақда «Мемориал» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ёзмоқда.

Фаолнинг сўзларига кўра, 15 апрель куни у миграция хизматига таклиф қилинган, у ерда эса унинг яшаш жойи, қариндошлари, бошпана сўраш билан боғлиқ вазият, шунингдек, Туркманистон ҳукуматини танқид қилиш сабаблари ҳақида сўрашган.

«Менга шундай дейишди: биз сизни огоҳлантирамиз, Интернетдаги чиқишларингизни тўхтатинг. БУ Туркия давлатига зарур. Биз сизнинг бу эрда яшаш билан боғлиқ муаммоларга дуч келишингизни хоҳламаймиз», деди Таганова.

Фаол таъкидлаганидек, унинг суҳбатдошлари блогерларнинг Туркманистон ҳукуматини танқид қилган ёзишмаларини ва чиқишларини кузатаётганликларини аниқ айтишди. Таганова бир неча кун олдин унинг ТикТок аккаунтида Туркманистондаги озиқ-овқат инқирози, валютани конвертация қилишдаги қийинчиликлар ва бошқа ижтимоий муаммолар мавзуси кўтарилганини қўшимча қилди.

Таганова илгари Истанбулда коронавирус чекловларини бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди, бу Истанбулдаги Туркманистон консуллиги олдидаги митингдан бир неча соат олдин содир бўлган. Фаол бошқа 80 ватандош билан бирга Туркманистон ҳукумати ҳаракатларини танқид қилишни режалаштирган.

Туркия ҳукумати Тагановани ватанига депортация қилишни режалаштирган, аммо 11 ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотининг чақириғидан сўнг у депортация қамоқхонасидан озод қилинган. Шундан сўнг, унга нисбатан Туркманистонда фирибгарликка оид жиноий иш очилиб, қидирувга берилган. У айнан нимада айбланаётгани номаълум.

«Мемориал» инсон ҳуқуқлари фаоллари таъкидлашларича, Туркия президенти Ражаб Эрдўғаннинг яқин ойларда Туркманистонга режалаштирган ташрифи арафасида Туркия расмийлари томонидан Ашхободни танқид қилган туркман блогерларига босим ўтказишга уринишлар бўлганлиги ҳақида хабарлар мавжуд.

XS
SM
MD
LG