Ссылки доступа

Ҳужумга учраган Аллақуловнинг ўзи “майда безорилик”да айбланмоқда


Хидирназар Аллакулов

Ўзбекистонда‌ ‌янги‌ ‌таъсис‌ ‌этилган‌ ‌“Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ ‌партияси‌ ‌етакчиси, профессор‌ ‌Хидирназар‌ ‌Аллақулов‌ “майда безорилик”да айбланмоқда.

20 апрель куни Юнусобод туман маъмурий ишлар судида бошланиши режаланган суд мажлиси бир кунга кечиктирилди.

31 март куни Аллақулов уйига босқин уюштирганлар унинг ўзини “майда безорилик”да айблаб, судга мурожаат қилган.

Аллақуловга кўра, айни пайтда ушбу босқин борасида унинг ИИБга берган аризаси жавобсиз қолмоқда.

Термиз университетининг собиқ ректори, профессор Хидирназар Аллақулов етакчилигидаги “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партияси таъсис қурултойи шу йилнинг 8 мартида бўлиб ўтган. Унда профессор Аллақулов партия раиси этиб сайланган.

20 апрель куни пойтахтнинг Юнусобод туман маъмурий ишлар судида ўтиши белгиланган Хидирназар Аллақулов иши бўйича суднинг дастлабки мажлиси қолдирилди.

Аллақуловга кўра, 31 март оқшомида уйи йўлагида унга босқин уюштирганлар унинг ўзини судга берган.

“Ўша куни уйим олдида 20га яқин шахс менга ҳужум қилиб, 40 минут давомида бақир-чақир қилиб, мени ҳақоратлаган эди. Энди уларнинг ўзи мени судга берибди”,- дейди Аллақулов.

Х. Аллақуловга кўра, ўша куни номаълум шахслар профессордан сиёсий фаолиятини тўхтатиш, Юнусобод 17 мавзеда партия учун ижарага олинган идорани бўшатиб қўйишни талаб қилганди.

Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси яъни “майда безорилик” бўйича айблов илгари сурилган.

“Мен уларни ҳақорат қилган эмишман. Лекин ўша кунги ҳолат бошидан охиригача видеога олинган. Мен бу видеони ИИБга берганман”, дейди Аллақулов.

Профессорнинг айтишича, 31 март кунги босқин бўйича унинг ўзи ҳам ИИБга ариза берган, бироқ аризаси жавобсиз қолган.

183-моддага кўра, жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби хатти-ҳаракатлар “майда безорилик”ка киради.

“Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси фаоллари ўзларига нисбатан босимлар тўхтамаётганидан шикоят қилмоқда.

Янги партияга тарафдор бошқа фаоллар ҳам маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот идоралари бу партияга имзо йиғиш ҳаракатини қаттиқ назорат қилаётгани, тарафдорларни воз кечтиришга уринаётганини айтмоқда.

7 апрель куни “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партиясининг бир гуруҳ фаолари Адлия вазирлигига рўйхатдан ўтиш учун зарур бўлган имзоларни топшириш учун боришган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Хидирназар Аллақулов вазирлик вакилига 20 мингга яқин имзо тўплаб келганини айтар экан "амалда шундай имзолар асосида бирор бир партия йўқ Ўзбекистонда, шундай имзо тўпланганини исботлаб бера оласизми?", дейди.

5 апрель куни Ўзбекистоннинг 30 йиллик мустақиллик тарихида президент сайловларида иштирок этган ягона мухолифат партияси- "Эрк" октябрь ойидаги сайловларда президентликка номзодини илгари суриш режасини эълон қилди.

Ўзбекистон парламентидаги мавжуд бешта партиянинг ҳаммаси ҳукуматпараст партиялардир. Мамлакатда қарор топган сиёсий анъанага кўра, айнан шу партияларнинг раҳбарлари президент сайловларида амалдаги президентга "рақиб" бўлади.

XS
SM
MD
LG