Ссылки доступа

Мирзиёев “жуда катта коррупцияга берилиб кетган” раҳбарларни огоҳлантирди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “кўп жойларда вилоят ва туман ҳокимлари, мутасадди ташкилот раҳбарлари йўл, сув, қурилиш, тиббиёт, мактабгача таълим соҳасида жуда катта коррупцияга берилиб кетган”идан баҳс этди.

Бу эътироф Ш. Мирзиёев тилидан ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаси йўналишларини ривожлантириш масалалари бўйича 22 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши чоғида янгради.

“Пешона теримиз билан мана шундай оғир, шиддатли, таҳликали замонда коронавирусга учраб, иқтисодиётимизни барқарор қилиш ва бир сўм пулни топиб, халқимизга етказиш бўйича жуда катта ҳаракатлар қилаяпмиз. Энди қонун устувор, жазо муқаррар бўлади. Халқимизнинг олдида узр сўраб, сизларни охирги марта огоҳлантираман”, деган президент видеоселектор йиғилишида.

Ш. Мирзиёев ўз сўзида Самарқанд ва Андижон вилоятлари мисолида айрим коррупция ҳолатларига тўхталган.

Йиғилишда ҳар бир вилоятда ҳокимлар ўз ҳудудида ўтказган селектор мажлисларида турли соҳалардаги вазият ҳамда жойлардаги мансабдор шахсларнинг вазифаларини муҳокама қилгани, бунинг натижасида 27 нафар раҳбар лавозимидан озод этилиб, 54 нафари интизомий жазо олгани қайд этилган.

Президент бирор иш бўйича жойлардаги амалдорларга топшириқ беришдан аввал шароит яратилаётгани, зарур маблағ ажратилаётганини урғулаган.

“Биргина хизматлар соҳасига 500 миллион доллар беряпмиз. Буни агар ҳалол-пок ишлатсак, неча минг ишчи жой пайдо бўлади. Ҳар бир вазир ватанпарвар бўлиб, “ўзининг аравасини ўзи тортиб”, берилган бир сўм пулни қадрлаб, жойига етказса, одамлар ишонади”, деган Шавкат Мирзиёев.

XS
SM
MD
LG