Ссылки доступа

Қозоғистон аҳолини QazVac билан COVID-19 га қарши эмлашни бошлади


26 апрелда Қозоғистон клиник синовларнинг учинчи босқичи охиригача аҳолини Қозоғистоннинг QazVac вакцинаси билан коронавирусга қарши эмлашни бошлади.

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой душанба куни биринчилардан бўлиб ҚазВаc дозасини олди, деб хабар қилмоқда маҳаллий ахборот агентликлари.

Организмга 21 кунлик интервал билан икки босқичда киритилган ушбу вакцинани ишлаб чиқувчилар вакцина синовларининг ҳал қилувчи босқичи шу йилнинг 9 июлида тугашини хабар қилишди. Апрель ойи бошига келиб, тажриба жараёнида уч мингга яқин кўнгиллилар иштирок этишди, уларнинг ярмига яқини плацебо қабул қилишди.

Апрель ойи бошларида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Токаев Россияда ишлаб чиқарилган Спутник В вакцинаси билан эмлангани маълум бўлди. Ушбу дори воситасида Қозоғистонда эмлаш 1 февралдан бошланди. Аввалроқ, Токаев Қозоғистонда ишлаб чиқарилган вакцина билан эмланишини очиқ айтган эди.

«Бизнинг вазифамиз имконият беришдир. Ва кейин бизнинг фуқароларимиз ўзлари танлайдилар, улар ўзлари эмланади», — деди вазир давлат телеканали эфирида. Вазирнинг сўзларига кўра, шу кунгача ҳар 20-қозоғистонлик коронавирусга қарши эмлашни олган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 26 апрель ҳолатига кўра Қозоғистонда 893 633 киши коронавирус инфекциясига қарши эмланган, улардан 165 997 киши вакцинанинг иккинчи компонентини олган.

Цойнинг таъкидлашича, Жамбил вилоятида вакцина ишлаб чиқарадиган завод қурилиши давом этмоқда ва ҳозирги кунда институт мустақил равишда 50 минг дозани ишлаб чиқариши мумкин. «Ушбу дозалар ҳозирда барча ҳудудларга етказиб берилди. Келажакда биз миқёсни кенгайтириш учун турли вариантларни кўриб чиқмоқдамиз», — деди вазир.

Ўтган ҳафта расмийлар биологик хавфсизлик муаммолари илмий-тадқиқот институтида ишлаб чиқарилган ушбу вакцинанинг дастлабки 50 минг дозасини юбориш ва ҳудудларга жўнатиш тўғрисида эълон қилишди.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йилнинг март ойидан бери мамлакатда 309 мингдан ортиқ лабораторияда тасдиқланган COVID-19 касаллиги қайд этилган. 2020 йил августидан буён номаълум вирус билан касалланган 52 мингдан ортиқ ҳолатлар ҳам қайд этилди. Расмийларга кўра коронавирус инфекцияси ва “ковид пневмония» 4345 кишининг ўлимига сабаб бўлган. COVID-19 тасдиқланган камида мингга яқин ўлим статистикага киритилмаган, чунки махсус комиссиялар бошқа касалликларни уларнинг ўлими сабаблари сифатида кўрсатган.

XS
SM
MD
LG