Ссылки доступа

Қирғизистон парламенти соғлиқни сақлаш вазирини лавозимидан озод этиш тўғрисида ариза тақдим этади


Жўқорғи Кенгеснинг Ижтимоий масалалар, таълим, фан, маданият ва соғлиқни сақлаш қўмитаси парламентга Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий тараққиёт вазири Алимқодир Бейшеналиевни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги таклифни киритади.

Ушбу қарор 26 апрель куни бўлиб ўтган қўмита йиғилишида қабул қилинди. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги масалаларни муҳокама қилиш керак бўлган қўмита йиғилишида учинчи маротаба Бейшеналиев келмагани депутатларни ғазаблантирди.

Қўмита раиси Гулкан Молдобекованинг таъкидлашича, қўмита аъзоларининг қарори билан Алимқодир Бейшеналиевнинг ўз лавозимига мувофиқлиги масаласи 27 апрель куни парламент мажлисига олиб чиқилади.

Ўтган ҳафта худди шу қўмита Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазири Алимқодир Бейшеналиевни Иссиқкўл илдизи (аконит) дамламаси билан коронавирус инфекциясини даволаш бўйича баёнотларидан сўнг уни лавозимидан озод қилишни таклиф қилди.

16 апрель куни ўтказилган матбуот анжумани чоғида Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий тараққиёт вазири Алимқодир Бейшеналиев шифокорлар аллақачон коронавирусни даволаш учун Иссиқкўл илдизидан кенг фойдаланаётганини ва унинг дамламасини журналистлар олдида ичишганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ушбу усул ушбу шўрвани тайёрлашда шахсан иштирок этадиган Президент Садир Жапаров томонидан таклиф қилинган.

Бир қатор мутахассислар ва шифокорлар расмийга Иссиқкўл илдизи (аконит) ниҳоятда заҳарли ўсимлик эканлигини, ҳатто тиббий мақсадларда ташқи фойдаланиш ҳам номақбул ва ҳаёт учун хавфли эканлигини эслатдилар. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти клиник синовлардан ўтказилмаган ушбу дори рўйхатдан ўтказилиши ва аҳоли томонидан кенг қўлланилиши учун тавсия этилмаслигини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG