Ссылки доступа

Foreign Policy: Ўзбекистонда онлайн диний уйғониш кузатилмоқда


АҚШнинг Диний эркинликлар бўйича халқаро комиссияси (USCIRF) Ўзбекистонни Америка ҳукуматининг “алоҳида хавотир уйғотаётган давлатлар” рўйхатига киритишни тавсия қилди.

Ўзининг йиллик ҳисоботида комиссия Ўзбекистонда 2020 йил давомида содир этилган ҳуқуқ бузилишлари мамлакатни “рўйхатга киритадиган даражада оғир”деган хулосага келган.

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни ушбу “қора рўйхат”дан ўтган йил 2 декабрида чиқарган эди. Қўшма Штатлар Ўзбекистонни диний эркинликлар соҳасида “реал силжиш”га эришаётгани учун олқишлаган.

Айни пайтда АҚШдаги Foreign Policy нашрининг ёзишича, Шавкат Мирзиёев ҳукумати диний эркинликларни назорат қилиш билан очиқлик ўртасида мувозанат сақлаш муаммосига дуч келмоқда. Қуйида журналист Агнешка Пикулицка мақоласининг таржимаси билан танишинг.

Март ойида юзга яқин киши Тошкентда ЛГБТК вакиллари ҳуқуқларига қарши зўравон митингга тўпланди. "Аллоҳу Акбар" деб ҳайқираётган ўнлаб одам ЛГБТК жамоаси аъзоларини қидириб, шаҳарнинг асосий майдонига қараб йўл олди. Тўда камида икки ўткинчи ўспиринни шафқатсизларча калтаклади.

Зўравонлик арафасида консерватив диний шарҳловчилар ва ЛГБТК фаоллари ўртасида Ўзбекистоннинг жиноят кодексини ўзгартиришга қаратилган чақириқлар бўйича онлайн мунозара бўлган эди. Ўзбекистон жиноят кодексига биноан, бир жинсли муносабатлар жиноий жавобгарликка тортилади. Ўша куни ЛГБТК ҳуқуқларини қўллаб келаётган блогер Миразиз Бозоров уйи олдида ниқоб кийган номаълум шахслар томонидан калтаклаб кетилди.

Полиция ҳужумни тергов қилаётган бўлса-да, ҳукумат динни танқид қилиб келаётган Бозоровни тартибсизликларни қўзғатганликда айблади. Зўравонлик ортидан жамоат арбоблари ЛГБТК жамиятини қоралаб чиқди.

Зўравонликдан бир неча кун ўтиб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг норасмий матбуот котиби ўлароқ кўрилаётган собиқ амалдор Комил Алламжонов Twitterда [инглиз тилида] "Аҳолининг аксарияти мусулмон бўлган мамлакатимизда жамият ғайритабиий эркак ва аёлларга (ЛГБТ) тоқат қилмайди! Муқаддас динимиз Ислом бунга йўл қўймайди", деб ёзди.

Тошкентда содир бўлган зўравонлик ва ҳукуматнинг унга муносабати Ўзбекистоннинг диний ландшафтида тез содир бўлган ўзгаришларни акс эттиради.

Мирзиёев 2016 йилда ҳокимият тепасига келганидан бери мамлакатда сиёсий ўзгаришлар содир бўлди. Бир вақтлар блокланган онлайн платформаларда янги овозлар пайдо бўлди. Олдинги тузум даврида бир неча йилга чўзилган зулмдан қутилган тақводор мусулмонлар эндиликда ўз динларини жамоатчилик олдида муҳокама қила оладилар ва мамлакатда тақводорлик кучайиб бораётганга ўхшайди.

Шунингдек, сиёсий ўзгаришлар шарҳловчиларга Исломнинг қатъий талқинлари учун замин яратди. Айримлар ҳижобни мажбурий қилишга, шариат қонунларини жорий этишга ва баҳор бошланишини нишонлайдиган Наврўз каби дунёвий байрамларни тақиқлашга чақирмоқда.

Мирзиёев ҳукумати дин эркинлиги назорати ва очиқлик ўртасида мувозанат сақлаш муаммосига дуч келган. Давлат ҳалиям ўз назарида радикал бўлган фаолиятни кузатиб боради. Аммо тобора кўпайиб бораётган диний омма нафратини қўзғатишдан ҳайиқаётган расмийлар ғарбнинг либерал қадриятларини рад этиб, анъанавий қадриятларни қўллайдиган риторикани қўллай бошладилар.

Ўтган ойда содир бўлган воқеалар инсон ҳуқуқлари ташкилотлари орасида ташвиш туғдирди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, агар ҳозирги муҳит давлат томонидан қораланмаса, зўравонлик ва озчилик гуруҳларга таъқиблар янада кучайиши мумкин. Бу эса Ўзбекистон ва халқаро ҳамжамият ўртасидаги ривожланиб бораётган муносабатларга путур етказиши мумкин.

Ҳукуматнинг янги позицияси Ўзбекистоннинг аввалги тузумидан кескин бурилиш бўлди. Ўзбекистоннинг қарийб 30 йил давомида ҳокимият тепасида қолган собиқ президенти Ислом Каримов Исломнинг расмий давлат талқинидан четга чиқувчи барча диний оқимларга қарши курашди.

Хавфсизлик хизмати тақводор мусулмонларни кузатди, баъзида эркаклар соқоли ўсгани учунгина қамалди. Каримов масжидларда азон ўқишни ман этди ва аёлларнинг ҳижобда юришини тақиқлади. Диний экстремизмда гумон қилинган шахсларнинг қора рўйхатига минглаб исм киритилди.

Марказий Осиёни ўрганиб келаётган инсон ҳуқуқлари ҳуқуқшуноси, Жанубий Калифорния университети доценти Стив Свердлов:

"1990 йилларнинг охирига келиб, Каримов ҳукумати минглаб тинч диндорни қўлга ола бошлади, аксарият ҳолларда соқол қўйиш ёки давлатнинг қаттиқ назорати доирасида бўлмаган масжидга бориш каби арзимаган ҳолатлар учун", - деди.

АҚШ терроризмга қарши уруш бошлаётган пайтда Каримов дастлаб АҚШ учун муҳим минтақавий ҳамкорга айланди ва глобал саъй-ҳаракатлар доирасида Исломнинг айрим оқимларига қарши кураш йўлларини, шу жумладан, шафқатсиз қийноқларни тақдим этди.

2016 йилда Каримов вафотидан кейин сайланган Мирзиёев Каримов меросидан воз кечиб, Ўзбекистонни хорижий инвестициялар учун очиш мақсадида сиёсий ислоҳотларни бошлади. У бир қатор таниқли диний маҳбусларни озод қилди, бир вақтлар экстремист деб ҳукм қилинган мусулмон руҳонийларни оқлади.

2017 йилда ҳукумат таниқли қора рўйхатдан 16 000 исмни олиб ташлади. Ўтган йилнинг декабрида АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинлик бузилганлиги учун алоҳида ташвиш туғдирадиган давлатлар рўйхатидан чиқариб ташлади.

Аммо Каримов раҳбарлигидаги узоқ йиллик зулмдан кейин кўплаб тақводор мусулмон Исломнинг расмий версиясига ишонмайди. Ҳукумат масжидларни давлат назорати остига олган ва диний матнлар талқинини чеклаб келади.

Бундан ташқари, Мирзиёев ҳукумати ҳали ҳам диндорларга босим ўтказмоқда. Рухсат берилмаган диний фаолият жиноий жавобгарликка тортилади ва норасмий диний гуруҳлар ҳанузгача хавфсизлик хизматларининг босимига дучор бўлмоқда. Хавфсизлик хизматлари давлат радикал деб ҳисоблайдиган шахсларни кузатиб бориш ва ҳибсга олишга қодир.

"Ўзбекистон мусулмонлари идораси муллалар ва имомлар ва улар берган ваъзлар бўйича чинакамига монополияга эга ва хавфсизлик хизматлари ҳанузгача диний давраларни назорат қилишда муҳим роль ўйнаши аён", - деди Свердлов.

Чуқур ижтимоий изланишларсиз Ўзбекистондаги диндорлик кўламини аниқлаш мушкул. Шундай бўлса-да, бутун мамлакат бўйлаб янги масжидлар қурилмоқда ва диний жонланиш Тошкентда айниқса яққол сезилмоқда.

Бир неча йил олдин пойтахтда ҳижоб камдан-кам учрар эди, аммо ҳозирги кунда кўплаб аёллар сочини ёпади. Бозорлар анъанавий исломий уст-бошга тўлган – уларнинг бозори чаққон.

Каримов ҳукмронлиги даврида Ўзбекистонни тарк этганлар мамлакат тезкорлик билан очилиб, Исломнинг норасмий шаклларига изн берила бошланганидан ҳайратда. Мусулмон феминист фаол Феруза Иззат 2011 йилда давлатнинг тақводор мусулмонларга кўрсатаётган босимига дош беролмай, Туркияга кўчиб кетган. У университет талабаси ўлароқ ҳижобини ечишдан бош тортган эди.

"Мени университетдан ҳайдашларини айтиб, таҳдид солишди, ҳатто синфда бўлганимда ҳам ўқитувчилар мен келмаган, деб ёзишди", - деди Иззат.

"Ҳозирги кунда одамлар тобора тақводор, аммо, афсуски, тобора радикал бўлиб бормоқда".

Расмий диний институтлар ёш авлодни қониқтира олмаяпти. Ёшлар Ислом динига қатъий ибодат қоидалари чекловисиз амал қилиш эркинлигини истайдилар ва ислоҳотларни амалга оширишга чорлаб келадилар.

Аммо Интернет эркинлиги тобора кенгайиб бораётганлиги сабабли ёшлар ўзларини ҳукумат радикал деб биладиган имомлар ваъзларини ўзбек, рус ва инглиз тилларида бемалол кўришлари мумкин. Улар Исломнинг қатъийроқ шаклларини қабул қилган жамоат арбобларини ҳам кузата оладилар. Оммабоп қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов 2020 йил декабрида жамоат томошалари шариат қонунларига зид эканлигини айтиб, кутилмаганда карьерасини тугатди.

"... касбим, яъни мусиқачилик касбимдан Оллоҳ учун, шариатимизга тўғри келмагани учун воз кечдим", - деди у.

"[Катта авлодларга] буни қабул қилиш бироз қийин, аммо ёш авлод Қуръон ва ҳадис ўқийди ва тақводорроқ бўлади", - дейди ўз исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган 19 ёшли талаба Акбар.

"Биз YouTubeда исломий видеоларни томоша қилишимиз мумкин. Диний блогерлар сони ҳам кўпаймоқда, чунки мусулмонлар сони кўпаймоқда".

Ўзбекистондаги диний тикланиш ва Исломнинг норасмий талқинларининг гуллаб-яшнаши, эҳтимол, шунча йиллик репрессиялардан сўнг кутилган ҳолат. Аммо Тошкентдаги Минтақавий таҳдидларни ўрганиш маркази раҳбари Виктор Михайловнинг сўзларига кўра, ишончли диний раҳбарият йўқ пайтда Интернет орқали Исломни ўрганаётганлар сони тобора кўпайиб бораётгани радикаллашувга олиб келиши мумкин.

"Тафсир эркинлиги кўпинча сиёсий Исломга ёқилғи бўлади ва одамлар Исломга альтернатива йўқлиги ҳақида баҳслаша бошлагани Ислом дунёвий давлат ўрнини эгаллаши керак, деганидир", - деди у.

Зотан, Интернетда радикал мусулмон шарҳловчиларнинг кўпайиши ўзбекистонликлар ватандошларидан зўравонлик, жумладан, ўлим таҳдидларини олишга олиб келди.

Ислом динини қатъий талқин қилишни тарғиб қилаётган диний шарҳловчилар либерал журналистлар ва блогерларга нафрат мактубларини ёллаб, таҳдид қилмоқдалар, уларни Ғарбнинг Ўзбекистонни беқарорлаштиришга қаратилган фитналарида айбламоқдалар.

Ўз хавфсизлигини ўйлаб, исмини ошкор қилмасликни сўраган Санжар ўзбекистонлик атеистлар учун очилган махсус гуруҳда Ислом ҳақида айтган жасоратли ҳазиллари ўтган йилнинг октябрь ойида кенг тарқалганига гувоҳ бўлди. Унинг ҳазиллари скриншотлари Facebook ва Telegramдаги турли мусулмон гуруҳларда пайдо бўлди. Постларга унинг телефон рақами ва уй манзили тиркалди.

"Одамлар менга ижтимоий тармоқларда қўнғироқ қилиб, ўлдиришларини айтиб ёзишяпти", - деди Санжар Foreign Policy нашрига берган интервьюсида.

"Оддий кийимдаги полициячилар уйимни қўриқламоқда".

Михайлов баъзи ҳолларда бундай онлайн ҳаракатлар янада жиддий зўравонликларни келтириб чиқаришини айтди.

"Ёшлар радикаллашаётгани катта муаммо бўлмаслиги мумкин ва бу ўта хавфли эмас. Аммо кейинги босқич – террористик ташкилотларга ёлланиш [босқичи] бор", - деди у.

Михайловнинг сўзларига кўра, бу ҳали ички таҳлика эмас: жиҳодчи ташкилотларга қўшилган Ўзбекистон фуқароларининг аксарияти чет элда, хусусан, Москвада ёлланган. Муҳожир ишчилар дуч келадиган дискриминация ва ажратиш чуқур диндорлик билан бирлашиб, ёлловчилар учун қулай замин яратмоқда.

Бундай шартлар ҳозирги кунда Ўзбекистонда мавжуд эмас. Мамлакатда ёшлар кўп ҳолатларда ўз жамиятларига қаттиқ боғланиб қолган. Аммо ўтган ойдаги зўравонлик ва Санжарга қилинган таҳдидларнинг айримлари мамлакат ичкарисида зўравонлик содир бўлиши эҳтимолдан холи эмаслигини кўрсатади.

Келгуси йилларда ҳукумат олдида мураккаб вазифа туради. Ҳукумат Исломнинг ўз назорати доираси ташқарисидаги талқинларини тарғиб қилаётган диндорларнинг тобора кучайиб бораётган ҳаракатини эътиборсиз қолдиролмайди.

XS
SM
MD
LG