Ссылки доступа

АҚШ генерали: Америкалик аскарларни Афғонистондан олиб чиқиб кетиш бошланди


Генерал Скотт Миллер

Афғонистондаги халқаро кучлар қўмондони, АҚШ армияси генерали Скотт Миллер 25 апрель куни Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари қўшинларини мамлакатдан тартибли равишда олиб чиқиб кетиш ҳамда ҳарбий база ва жиҳозларни афғон қуролли кучларига топшириш бошланганини маълум қилди.

Бу ҳақда “Америка овози” хабар қилди.

Миллерга кўра, у АҚШ президенти Жо Байденнинг Афғонистондаги қўшинларни олиб чиқиб кетиш ва бу билан, унинг ўз таъбири билан айтганда, Америка тарихидаги энг узоқ давом этган урушга нуқта қўйиш қарорига асосланган буйруқларига асосан ҳаракат қилмоқда.

Генерал Миллер Афғонистондан чиқиб кетиш мобайнида халқаро кучлар ўзини ҳимоя қилиш учун зарур воситаларга эга бўлиши ва уларни афғон хавфсизлик кучлари дастаклашини таъкидлади.

2018 йилдан бери Афғонистондаги қўшинларга қўмондонлик қилаётган генерал афғон ҳукуматига қарши курашаётган “Толибон” ҳаракати вакиллари билан учрашиб, уларнинг мамлакатдаги зиддиятни қурол кучи билан бартараф этишга уринишларига йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирганини ҳам айтган.

Бугунги кунда толиблар халқаро кучлар билан тузилган сулҳ битимига риоя қилсалар-да, ҳукумат кучларига ҳужум қилишда давом этишмоқда. Аввалроқ улар хорижий давлатлар қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан сўнггина тинчлик музокараларини давом эттиришларини билдиришган.

АҚШ ва “Толибон” вакиллари ўртасида тузилган битимга мувофиқ, хорижий қўшинлар 1 майга қадар Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ президент Байден қуролли кучларни бирданига кўчириш АҚШ ва унинг иттифоқдоши контингентини хавф остига қўйишини важ қилиб, бу муддатни бироз узайтирган.

Американинг сўнгги ҳарбий хизматчиси Афғонистонни 11 сентябрь — АҚШ тарихидаги энг катта террористик хуружга йигирма йил тўлган куни тарк этиши кутилмоқда. 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан сўнг АҚШ қўшинлари Афғонистонга киритилиб, терактлар ташкилотчиси Усома бин Ладинни яшириб турган “Толибон” режимининг қулашига ёрдам берганди.

НАТОга аъзо бошқа давлатларнинг ҳозирда Афғонистонда бўлиб турган ҳарбийлари ҳам яқин ойларда мамлакатдан чиқиб кетади.

XS
SM
MD
LG