Ссылки доступа

Андижон: Ота-оналар "уронғич ва сўконғич" директорга қатъий чора кўришни сўрамоқда


Андижон шаҳридаги 33-мактаб ўқувчиларининг бир гуруҳ ота-оналари ўқувчиларни уриб-сўккан директор Илёс Туробовнинг енгил жазо билан қутулиб қолганидан норози.

Туробов бир гуруҳ 10-синф ўқувчиларини ҳақоратлаб, уят сўзлар билан сўкиб, ургани учун унга нисбатан интизомий чора қўлланган.

Ота-оналар “муштумзўр ва оғзи шалоқ шахс”га болалар тарбиясини ишониб топшириб бўлмаслигини айтишмоқда.

Андижондаги 33-мактабда ишлайдиган ходимлардан бирининг айтишича, 22 февраль куни мактаб директори Илёс Туробов ўз кабинетида 10-синф ўқувчиларини калтаклаган.

“Бироқ Туробовга енгил жазо беришди. Ота-оналар норози бўлишди. Туробов “мени ҳеч ким ишдан ололмайди”, деб мақтаниб юрибди”,- деди аноним қолишни истаган мактаб ходими.

Андижон вилоят халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотга кўра, Туробов ўқувчиларни сўкиб-ургани учун ўтган ой интизомий жазога тортилган.

Мактаб ходими Туробов ўқувчиларни урган куни ёзиб олинган, дея бир аудиони тақдим қилди.

Афтидан, ушбу аудио ота-оналар тилга олган калтаклаш воқеасининг ўртасидан ёзиб олинган ва воқеа охири ҳам аудиода акс этмаган.

Андижон вилоят Халқ таълими бошқармаси вакили аудиодаги эркак 33-мактаб директори Илёс Туробов эканини тасдиқлади. Бироқ воқеа тафсилотларини очиқламади.

Тақдим қилинган аудиода Туробовнинг гапларидан у ўқувчиларни тергаётгани тушунилади. Унинг ўқувчиларни нима учун уришгани сабаблари маълум эмас.

Аудио Туробовнинг сўкинишлари билан бошланган ва 04:38 дақиқалик аудио давомида у деярли ҳар бир гапида уятли сўзлар ишлатади.

“Ҳамма тешигингга с... ман”, дейди мактаб директори экани айтилган овоз эгаси ўқувчилардан бирига.

04:38 дақиқалик аудио давомида Туробов 60 мартага яқин сўкинади ва ўзбек лексикологиясидаги деярли барча сўкишларни ишлатади.

Шунингдек, аудиодаги Туробов экани айтилган эркак болаларни бирма-бир тергар экан, уларнинг ҳар бирига бир-иккитадан шапалоқ туширади.

Аудиода 7 марта шапалоқ овози эшитилади, афтидан айрим шапалоқлар қаттиқроқ теккан шекилли, болаларнинг йиғламсираган овозлари ҳам қулоққа чалинади. Болалардан бири “кечиринг” дейди, ўтинчли овоз билан.

“Неча марта чичиб қўйсанг ҳам, бўқингни тозалаб юрибман, г..н. Бунақа бўлмайди ўғил бола, ж..б”,- дейди директор.

Сўкиб-калтакланган ўқувчилар орасида қизлар бор-йўқлиги Озодликка номаълум, лекин аудио ўртасида аёл кишининг овози эшитилади. Аудиодаги оёқ товушларидан аёл кабинетга кириб, чиқиб кетгани англашилади.

Андижондаги 33-мактабда фарзандлари ўқийдиган аёлнинг Озодликка айтишича, мактаб директори Илёс Туробов ўқувчиларни уриб-сўккани ошкор бўлса-да, ота-оналар унга енгил жазо берилганидан норозилик билдиришмоқда.

“Февраль ойида Туробов 10-синф ўқувчиларини калтаклаган. Оғизга олиб бўлмайдиган уят сўзлар билан сўккан. Ҳақоратлаган. ОблОНОга шикоят қилинганди. Ишдан олишар десак, енгилгина жазо билан қутилиб қолди. Ҳамма бунга норози бўляпти. Қандай қилиб, бунақа одамга болаларимизни ишониш мумкин”,- дейди исмини очиқламасликни сўраган ота-оналардан бири.

Ушбу мактабда ўғли ўқишини айтган бошқа бир аёл ҳам Туробовнинг енгил жазо билан қутулганига қарши эканини айтади:

“Ҳокимларнинг, бошқа раҳбарларнинг сўкинганлари ҳақида эшитганмиз. Лекин мактаб директори оғзидан бунақанги сўзлар чиқишини қандай тушуниш мумкин. Уят. Шармандалик. Эшитиб, ёқамни ушладим. Энди болаларни урганига келсак, бунинг учун қамаш керак эди. Нима ҳаққи бор бировнинг фарзандини уришга? Агар менинг боламни урганида қаматиб юборган бўлардим. Бу болаларнинг ота-оналарини индамасликка кўндиришибди”.

Андижон вилоят халқ таълимининг мулозими, Илёс Туробовга енгил жазо берилганини шундай изоҳлади:

“Туробовга аввал ҳайфсан берилганди. Бу воқеа учун унга интизомий жазо берилди. Унинг ўзига тушунтирилди. Яна бир марта шунақа ҳолат такрорланса, тўғридан- тўғри меҳнат шартномаси бекор қилинади”.

Халқ таълими вазирлиги Андижон шаҳридаги ҳодиса юзасидан расмий муносабат билдирмаган.

XS
SM
MD
LG