Ссылки доступа

Британия “Магнитский иши” бўйича 14 россияликка нисбатан санкция жорий этди


Сергей Магнитский

Британия 26 апрель куни Москвадаги тергов ҳибсхонасида вафот этган юрист Сергей Магнитский иши ҳамда Россия бюджетидан 230 миллион доллар маблағ ўғирланишига алоқадор 14 нафар россияликни санкциялар рўйхатига киритди.

Санкциялар, АҚШнинг “Магнитский қонуни” каби, пул маблағлари ювилишига қарши кураш мақсадида 2018 йили қабул қилинган ва Британия ЕИ таркибидан чиққанидан сўнг кучга кирган қонун асосида жорий этилди.

22 кишилик рўйхат Британия Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган. Унда россияликлардан ташқари, БААнинг беш фуқароси, шунингдек, Гондурас, Никарагуа ва Гватемала фуқаролари бор — уларнинг ҳаммаси коррупция ва пул ювишда гумон қилинмоқда.

Рўйхатга Россия фуқароларидан илгари Магнитскийнинг таъқиб қилиниши ёки пул ювиш билан боғлиқ ишларда исмлари тилга олинган шахслар киритилган. Аввалроқ уларга қарши АҚШ санкция жорий қилганди. Рўйхатда, жумладан, собиқ терговчи Павел Карпов, Москва ИИББ Солиқ жиноятларига қарши кураш департаменти бўлим бошлиғининг собиқ ўринбосари Артём Кузнецов, Москвадаги 28-сонли ФСХ инспекцияси собиқ бошлиғи Ольга Степанова, унинг собиқ турмуш ўртоғи Владлен Степанов, Москва прокуратураси терговчиси Станислав Гордиевский ва бошқалар қайд этилган.

Санкциялар мазкур шахсларнинг Буюк Британия ҳудудига киритилмаслиги ва уларга қарашли активлар “музлатилиши”ни назарда тутади. Британия бу каби жазо воситасини илк бор амалда қўлламоқда.

Магнитский билан ҳамкорлик қилган ва унинг ўлимидан сўнг турли мамлакатларда “Магнитский қонунлари” қабул қилиниши ташаббусчиси бўлган молиячи Билл Брайдер Британия ҳукуматининг мазкур қадамини юқори баҳолади.

Россия бюджетидан пул ўғирлаш коррупцион схемасини фош этганини даъво қилган аудитор Сергей Магнитский Россияда молиячи Браудерга қарашли Hermitage Capital фондининг солиқ тўлашдан бўйин товлаши билан боғлиқ жиноят иши доирасида қамоққа олиниб, 2009 йилда “Матросская тишина” ҳибсхонасида вафот этганди.

Магнисткий ўлимида айбдорларни таъқиб этиш ташаббусчилари бўлмиш Браудер ва бошқалар унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмагани ҳамда тергов ҳибсхонасида вафот этишига онгли равишда йўл қўйиб берилганини иддао қилишади.

2012 йилда АҚШда инсон ҳуқуқлари поймол қилинишига алоқадор россияликларга нисбатан шахсий санкциялар жорий этиш имконини берувчи “Магнитский қонуни” қабул қилинган эди. Кейинчалик мазкур ҳужжатнинг татбиқ доираси глобал даражада кенгайиб, санкциялар рўйхатига Россия ва бошқа мамлакатларнинг Магнитский ишига алоқаси бўлмаган фуқаролари ҳам киритила бошланган.

XS
SM
MD
LG