Ссылки доступа

Муборак ҳокимининг собиқ матбуот котиби тергов чоғида қийноққа тутилганини иддао қилди


Муборак туман ҳокимининг собиқ матбуот котиби Зафар Жўраев тергов чоғида таҳқирлангани ва қийноққа тутилганини иддао қилди. Бу ҳақда З. Жўраев, Daryo нашри хабарига кўра, Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судида сўзлаган сўнгги сўзида билдирган.

Собиқ матбуот котиби қайдича, у ўтган йили карантинда тўй қилган шифокорлар ҳақида хабар тарқатгани ортидан ИИБ босимига учраган, босим ортидан ишдан бўшаган. Шундан сўнг унга нисбатан фирибгарлик айблови билан жиноят иши қўзғатилган.

Ишга жойлаштириш ва фуқарога ер олиб беришни ваъда қилиб, катта миқдорда пул олганликда айбланган собиқ матбуот котиби, Жиноят ишлари бўйича Косон туман судининг 2021 йил 11 мартидаги ҳукмига мувофиқ, иккита эпизод бўйича оқланган. Бироқ маълум ҳақ эвазига ер олиб беришни ваъда қилганликда айбланиб, 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш жазосига тортилган.

“Косон туман судига қадар терговда менга учта эпизод бўйича айблов қўйилди. Тергов давомида ИИБнинг Бекзод исмли терговчиси томонидан таҳқирландим. Қийноққа солиндим. Терговчи очиқчасига карантиндаги тўй ҳақида хабар берганимни, бу эса уларга қимматга тушганини эслатиб, қийноққа солишда давом этди. Ўша пайтда бу ҳақда масъулларга билдириб, терговга бормаслигимни, агар терговга мажбурлаб олиб боришса, ўзимга бирор нима қилиб қўйишимни айтдим. Хайрият, ўша пайт терговчини ўзгартиришди”, деган З. Жўраев Қашқадарё вилоят судидаги сўнгги сўзида.

Собиқ матбуот котиби Косон туман судида берилган жазо бўйича унга бирор асос кўрсатилмаганини иддао қилган.

“Судьядан бу ҳақда сўраганимда, шу иш бўйича жиноят иши очилганини, етарли асос бўлмаса-да, жазо тайинлашга мажбурлигини айтди. Шунинг учун сизга мурожаат қилдим. Сиз адолатни тиклаб беринг, деяпман”, деган Зафар Жўраев.

Собиқ матбуот котибининг Косон туман суди ҳукмидан норозилигини кўриб чиқаётган Қашқадарё вилоят суди Зафар Жўраевга тайинланган ҳукмни қисман ўзгартиришни лозим, деб топган. Унга кўра, Зафар Жўраевга тайинланган 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш жазоси унинг тергов ҳибсхонасида сақланган 6 ойлик муддатни ўтагани учун жазо ўталган деб ҳисобланиши белгиланган.

“Барибир менда судланган деган тамға қоляпти. Шунинг учун суд ҳукмидан норозилигимни билдириб, Олий судга шикоят киритаман”, деган собиқ матбуот котиби Зафар Жўраев.

XS
SM
MD
LG