Бу ҳақда Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Дурдона Очилова 28 апрель куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, лаборатория хизматлари нархида ҳар бир намуна учун 88 минг 563 сўм миқдорида тўлов жорий этилиб, ушбу нархга кимёвий реактив ва бир марталик ишлатиладиган маҳсулотлар нархи алоҳида ҳисоблаб қўшилади. Тўлов шартнома асосида амалга оширилиши кўзда тутилган.
Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси мулозимасига кўра, лаборатория таҳлиллари ва экспертизалари ишончлилигини таъминлаш ҳамда республикадаги фитосанитария ҳолатини яхшилаш мақсадида 2018-2020 йиллар давомида қатор ривожланган давлатларнинг фитосанитария соҳасида илғор хорижий тажрибалари жойларда ўрганилиб, бугунги кунда ҳалқаро стандартларга мос келадиган замонавий илғор лаборатория ускуналари ва техник воситалар билан жиҳозланган Марказий карантин лабораторияси ташкил этилган. Шу билан бир қаторда, Марказий карантин лабораторияси жорий йил март ойида халқаро стандартлар асосида аккредитациядан ўтказилган.
Айни пайтда Ўзбекистоннинг 6 та вилоятида (Андижон, Фарғона, Хоразм, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилоятлари) стационар карантин лаборатория ташкил этилди ва миллий аккредитациядан ўтказилган.
Экспортга юкланаётган маҳсулотларни лаборатория экспертизасидан ўтказишни тезлаштириш мақсадида, ҳудудий ўсимликлар карантини давлат инспекцияларида 15 та замонавий сайёр (мобил) лабораториялар ташкил этилган. Марказий карантин лабораториялари ходимлари сони бир неча баробар кўпайтирилган.
Хорижга сотиладиган мева-сабзавотни лаборатория экспертизасидан ўтказиш хизмати пуллик бўлди

Жорий йил 1 майидан эътиборан Ўзбекистонга импорт бўлувчи ҳамда экспорт қилинувчи мева-сабзавот ва ўсимлик маҳсулотларини лаборатория экспертизасидан ўтказиш хизмати Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан расман пуллик этиб белгиланди.