Ссылки доступа

Мирзиёев Ашхободда Ниёзов мақбарасини зиёрат қилиб, ифторликда иштирок этди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни Туркманистонга сафари доирасида ҳамкасби Гурбангули Бердимуҳамедов билан биргаликда Ашхободдаги “Туркманбоши руҳи” мажмуасига ташриф буюриб, қўшни мамлакатнинг биринчи президенти Сапармурат Ниёзов мақбараси зиёрат этган.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Ўзбекистон президенти матбуот хизмати зиёрат чоғида вафот этганлар ҳақига Қуръон суралари тиловат қилинганини билдирган.

“Мажмуа яқинида Туркманистон президентининг отаси Маликгули Бердимуҳамедов хотирасига бағишлаб ифтор дастурхони ёзилди. Тадбирда икки мамлакат муфтийлари, уламо ва ёшуллилар иштирок этди”, дейилган хабарномада.

Мирзиёев бу ерда сўзлаган нутқида Туркманистон президентининг отаси вафоти муносабати билан Ўзбекистон халқи номидан чуқур таъзия билдирган. Қайд этилишича, тадбирда “марҳумнинг ибратли ҳаёти, самарали фаолияти, савобли ишлари ёдга олинган”.

Президент Мирзиёевнинг Туркманистонга амалий ташрифи шу куннинг ўзида якунланган. Уни Ашхобод халқаро аэропортида ҳамкасби Гурбангули Бердимуҳамедов кузатиб қўйган.

XS
SM
MD
LG