Ссылки доступа

Чехияликлар “хиёнаткор” президент Земанга қарши норозилик намойишига чиқди


Прагадаги намойиш плакатларидан бири, 2021 йил 29 апрели

Прага ва яна ўнлаб шаҳарда 29 апрель куни мамлакат президенти Милош Земанга қарши норозилик акциялари бўлиб ўтди. Земан 2014 йилда Врбетицадаги ўқ-дори омборларида юз берган портлашларда рус махфий хизматларининг қўли борлиги ҳақидаги тахминни шубҳа остига олгани учун чехларнинг ғазабини қўзғатган.

Прагадаги Вацлав майдонига, полиция маълумотига кўра, 10 мингга яқин одам йиғилган, акция ташкилотчилари эса намойишда 20 минг киши қатнашганини айтишмоқда.

Земан бир неча кун олдинги баёнотида юз берган воқеаларга оид бошқа тахмин ҳам борлигини, хусусан, портлашлар “махсус хизматларнинг ўзаро ўйини” оқибати бўлиши мумкинлигини айтганди. Шу билан бирга, Земан Россияга нисбатан билдирилган шубҳалар жуда жиддийлигини тан олиб, уларни текширишга чақирган.

Президентнинг чиқиши кўплаб сиёсатчи ва жамоатчилик фаолларининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Мамлакат бош вазири Андрей Бабиш портлашларга оид ягона тахмин мавжудлигини айтиб, президент билан ҳамфикр эмаслигига шама қилди.

Земанни Кремль пропагандаси ноғорасига ўйнаётганликда, шунингдек махфий маълумотларни ошкор қилишда айблашди. Бир гуруҳ сенаторлар Земанни давлатга хиёнатда айблаб, расмий баёнот беришга ҳозирланмоқда.

Намойишчилар сенаторларнинг қарорини дастаклаб чиқишди. Улар кўтариб чиққан транспарантларнинг бир қисми Россия сиёсати ва шахсан Владимир Путинга қарши қаратилганди.

Чехия ҳукумати 2014 йил портлашларида Россия ҳарбий разведкаси (БРБ — ГРУ) ходимларини айблаганди. Тергов материаллари ҳозирча махфий тутилмоқда, аммо шубҳа қилинаётган ГРУ зобитлари — Британияда ота-бола Скрипалларни заҳарлашда гумон қилинаётган Анатолий Чепига ва Александр Мишкин эканлиги маълум. Чехияда улар бир нечта сохта паспортлардан фойдаланишган.

Россия томони қўйилаётган барча айбловларни рад этиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG