Ссылки доступа

Депутат А. Қодиров Тошкентда қизил байроқ кўтарилганини ўзбек халқига ҳақорат дея баҳолади


“Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров ўз партияси куни кеча Тошкент Истиқлол саройи олдида ташкил этилган концерт дастурида йўл қўйилган “ғаразли провокация”ни кескин қоралашини билдирди.

Депутат А. Қодиров ўз Телеграм-канали орқали тарқатган баёнотида “Миллий тикланиш”нинг санъатга қарши эмаслиги, балки санъатни сиёсатга қурол қилинишига қарши эканини қайд этган.

Тараққийпарвар ўзбек зиёлилари ва оқкўнгил аждодларимизнинг қонига бўялган босқинчи совет давлати байроғини мамлакатимиз пойтахтининг қоқ марказида баланд кўтарилишини ўзбек халқига нисбатан ҳақорат, деб ҳисоблаймиз”, дея таъкидлаган Алишер Қодиров.

“Миллий тикланиш” партияси раиси Ўзбекистон Бош прокуратурасидан “бу провокацияга тегишли баҳо берилиши”ни кутиб қолишини билдирган.

Депутат А. Қодиров зикр этган байроқ 1 май куни “Истиқлол” санъат саройи олдидаги майдонда ўтказилган “Турецкий хори” ва Сопрано гуруҳининг (Россия) “Ғалаба қўшиқлари” номли концерт дастури чоғида кўтарилган. Томошабинлар орасида қизил байроқ кўтарилган фотосурат мазкур концерт ташкилотчиларидан бири бўлмиш “Россотрудничество”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига қарашли саҳифада чоп этилган. “Ғалаба қўшиқлари”дан иборат концертда Тошкентда яқиндагина иш бошлаган Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов тантанали нутқ сўзлаган.

XS
SM
MD
LG