Ссылки доступа

Таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромов оламдан ўтди


Сурат Икромов 2002 йилда Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳига асос солган эди.
Сурат Икромов 2002 йилда Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳига асос солган эди.

3 май куни Тошкентда Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов 76 ёшида оламдан ўтди.

Ҳуқуқ фаолининг яқинларига кўра, унинг ўлимига сурункали ўпка яллиғланиши, қандли диабет ва простата саратони сабаб бўлган.

Асли касби муҳандис бўлган Сурат Икромов инсон ҳуқуқлари билан 2000-йиллар бошидан шуғулланишни бошлаган. Тошкентдаги хусусий полиграфия бизнеси давлат корхонаси томонидан олиб қўйилган Икромов узоқ вақт суд идораларига мурожаат қилиб келган. Адолат тополмаган тадбиркор аввалига маҳаллий ҳуқуқ фаолларига мурожаат қилади, кейинроқ улардан бирига айланади.

2002 йилда Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳига асос солган Сурат Икромов Ислом Каримов бошқаруви даврида инсон ҳуқуқлари бузилишини ҳужжатлаштирган кам сонли фаоллардан бўлди. Хусусан, диний-сиёсий айблар билан қамалганлар билан боғлиқ тергов ва маҳкама жараёнларига доир Сурат Икромов тақдим этган маълумотлар халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, БМТ ҳамда АҚШ давлат департаментининг йиллик ҳисоботларидан ўрин олган.

2003 йилда Сурат Икромов Тошкентда номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилиб, қаттиқ дўппосланади. Ҳушидан кетган ва бошига елим қоп кийдирилган ҳолда Тошкент четига ташлаб кетилган Икромовга ҳужумниЎзбекистон Ички ишлар вазирлиги текширган, аммо ҳужумчилар топилмаган.

Сурат Икромов 2005 йил майидаги Андижон қирғини ортидан мамлакатда қолиб фаолиятини давом эттирган кам сонли ҳуқуқ фаоли бўлди. У Андижонда намойишчиларнинг ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилишини Каримов режими содир этган "энг жирканч жиноятлардан бири" деб атаган ва айбдорларни жазолашга чақирган.

Яқинларига кўра, ҳуқуқ фаолининг жанозаси 3 май куни соат 14.00 да Тошкентнинг Қорасарой маҳалласидаги хонадонида ўқилади ва Минор қабристонида тупроққа берилади.

XS
SM
MD
LG