Ссылки доступа

Тошкентдаги масжид минораларини бузиш тўхтатилди


Усталарга кўра, минораларнинг орқадаги иккитаси (қора мато билан ўралгани) устки қисмидан 3 метрча жойи бузилган.
Усталарга кўра, минораларнинг орқадаги иккитаси (қора мато билан ўралгани) устки қисмидан 3 метрча жойи бузилган.

Тошкент шаҳри, Олмазор туманида хайр-эҳсон маблағлари ҳисобидан қурилаётган “Исломобод” масжиди минораларининг бузилишига қарши ижтимоий тармоқлардаги норозилик ортидан 3 май куни бузиш ишлари тўхтатилди.

Қурувчилар иддаосича, 1 май куни шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли экани айтиладиган Discover Invest фирмаси ишчилари масжиднинг 4та минорасидан 2тасини бузишни бошлаган.

Масжид ходимларига кўра, минораларнинг ҳар бирининг узунлиги 63 метр бўлиб, уларни бузиш сабаблари ҳақида бирор ҳужжат кўрсатилмаган.

Қурилиш вазирлиги мутасаддилари 3 май куни минораларни бузиш ишлари тўхтатилганини тасдиқлади, бироқ бузиш сабабларини очиқламади.

Жорий йил охирида фойдаланишга топширилиши режаланган “Исломобод” масжиди 13минг намозхонга мўлжалланган бўлиб, у Ўзбекистондаги энг катта масжид бўлади.

Пойтахтнинг Олмазор тумани Сағбон кўчасида қурилаётган уч қаватли “Исломобод” жоме масжидида Ўзбекистондаги мавжуд аксар масжидлардан фарқли тўртта минора бўлади.

Масжид ходимларига кўра, 1 май куни Discover Invest фирмасига қарашли Дамас машинасида ўнга яқин ишчи келиб, миноралардан иккитасини буза бошлаган.

“Бузиш сабабларини айтишмади. Ҳеч қандай ҳужжат ҳам беришмади. “Юқорининг буйруғи” дейишди. Икки кун ичида ҳар бир миноранинг тепасидан 3 метрча жойини бузишди”,- деди исми очиқланмаслигини сўраган масжид ходими.

Уч кун давомида ижтимоий тармоқларда минораларнинг бузилишига қарши норозиликлар кузатилди.

Масжид қурилишидан хабардор манба иддаосича, кейинги икки ой давомида масжид ходимлари Қурилиш вазирлигига бир неча бор чақиртирилган ва улардан минораларни бузиш талаб қилинган:

“Масжид қурилиши қонуний. Экспертиза хулосалари, лойиҳага доир барча ҳужжатлар тегишли идоралар томонидан тасдиқланган. Лекин иккита минорани бузиш талаб қилинди. Бирор асос кўрсатишмаган, фақат “масжидда 4та минора бўлмасин”, дейишган. Лекин лойиҳада 4та минора кўрсатилган”.

Манбага кўра, ўтган ҳафта шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев қурилиш соҳаси вакиллари билан масжидга келиб, қурилиш ишлари билан танишган:

“Ортиқхўжаев ёнида турк қурувчилари ҳам бор эди. Ҳоким келиб-кетганидан икки кун ўтиб, минораларни бузиш бошланди”.

Озодлик суриштирувлари жараёнида Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли экани тасдиқланган Discover Invest масъули фирма ишчилари “Исломобод” масжиди минораларини бузишда иштирок этганини тасдиқлади, бироқ бузиш сабабларини очиқламади.

Масжид ходимларидан бирига кўра, тармоқлардаги норозиликлардан сўнг “Исломобод” масжиди имом-хатиби Абдулло Юлдашев минораларни бузиш ўзларининг ташаббуси эканини айтишга мажбур қилинган:

“Домла Discover Invest фирмаси чизган икки минорали масжид лойиҳасини кўрсатиб, минораларнинг иккитасини бузиш лозимлигини айтди. У минораларга ишлатилган материаллар қимматлиги боис миноралардан фақат иккитасини қолдиришган қарор қилинганини билдирди. Лекин норозиликларни бостириш учун домлани шу гапларни айтишга мажбурлашди ".

“Исломобод” жоме масжиди Ўзбекистондаги тўрт минорали илк масжид бўлиши кутилмоқда. Айни пайтда ушбу масжид мамлакатдаги энг катта масжид бўлади.

Масжид қурилиши 2019 йилнинг октябрида бошланган, қурувчиларга кўра, жорий йил охиригача қурилиш ишларини тугатиш режаланган.

“Исломобод” масжиди ходимларига кўра, қурилиш ишлари фақат хайр-эҳсон маблағлари эвазига олиб борилмоқда.

Лойиҳага кўра, уч қаватли масжид хонақоҳи 8 минг намозхонга мўлжалланган, лекин масжид ҳовлиси, балкони ва ертўласи билан биргаликда жами 13 минг намозхонни сиғдириши мумкин.

Усталарга кўра, масжид минораларининг ҳар бирининг баландлиги Муҳаммад пайғамбар ёшига ишора сифатида 63 метрлик қилиняпти.

Режага мувофиқ масжидда аёллар учун ҳам алоҳида намоз хонаси ажратилади.

Ҳозирда 150 кишига мўлжалланган таҳоратхона ва намозхонлар учун 4 қаватли машиналар тўхташ жойи ҳам қурилмоқда.

Расмий маълумотга кўра, сўнгги уч йил давомида мамлакатда 256та масжид қайтадан қурилган, 308таси эса капитал таъмирланган. Ҳозирда яна 218 та масжид янги лойиҳа асосида қайтадан қурилмоқда.

XS
SM
MD
LG