Ссылки доступа

Халқаро матбуот куни: Сайловлар йилида сўз эркинлиги устидан назорат кучайди


3 май - Халқаро матбуот эркинлиги куни арафасида қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда матбуот эркинлигининг аҳволидан хавотир изҳор этди.


Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар ташкилоти мамлакатда "блогерлар ҳануз таҳдидга учраётгани ва ҳибсга олинаётгани"ни таъкидлаган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists – CPJ) Ўзбекистонни яқинда қабул қилинган “онлайн сўз эркинлигини чекловчи” қонуний тузатишларни бекор қилишга чорлади.

Қўмита 28 апрель куни эълон қилган баёнотда “Октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловлари яқинлашаркан, расмийлар ушбу янги тузатишлар ёрдамида сўз эркинлиги устидан назоратни кучайтиришга бел боғлаганга ўхшайди”, дейилади.

31 март куни Ўзбекистонда Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга киритилган тузатишлар кучга кирди.

Ўзбекистонни қарийб 30 йил бошқарган авторитар раҳбар Ислом Кармиов вафотидан сўнг ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиёев даврида матбуот нисбатан эркинлашди.

Мирзиёев бошқарувидаги илк 4 йилда - виртуал воқеъликда миллионлаб аудитория йиға олган мустақил интернет нашрлари шаклланди. Ижтимоий тармоқларда, аудиторияси айрим Интернет нашрлариникидан ҳам каттароқ бўлган блогерлар жамоаси пайдо бўлди.

Аммо Мирзиёевнинг илк муддати якунига етиб, президент сайлови яқинлашаркан, ҳукуматнинг матбуотга эътибори аста секин - босим ва тазйиқларга айланди.

Ўтган 4 йилда Ўзбекистондаги сўз ва матбуот эркинлашуви жараёнини қўллаб келган халқаро матбуот ташкилотларининг ҳайрат ва хавотирлари шундан.

Жумладан, Чегарасиз мухбирлар ташкилоти ўз баёнотида журналист ва блогерларга қарши таъқиблар давом этаётганидан хавотир блдирди:

“Кузатув, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш ҳоллари мавжуд ва ҳукумат ҳануз матбуот устидан сезиларли назоратни ушлаб турибди.

“Кузатув, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш ҳоллари мавжуд ва ҳукумат ҳануз матбуот устидан сезиларли назоратни ушлаб турибди. Блогерлар ҳануз таҳдидга учрамоқда, ҳибс қилинмоқда. Ҳукумат хорижий ва қувғиндаги журналистларга эшигини очди, аммо айрим ахборот воситалари, жумладан АҚШ молиялайдиган Озод Европа/Озодлик радиоси учун аккредитация олиш мушкуллигича қолмоқда”.

Шу кунда Тошкентда ишлаётган польшалик Агнешка Пикулицка шу йил февралда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитациядан ўтказилди.

Пикулицкага кўра, аккредитацияни расмийлаштириш тартиби қулайлашган, ортиқча қоғозбозлик йўқ. Аммо бу жараёнга масъул тизимнинг хорижий журналистларга муносабати - ҳануз эскича.

Аввалроқ польшалик журналист, Ташқи ишлар вазирлиги ходими Ўзбекистон ҳақида ижобий мақолалар ёзишни сўраб, унга босим ўтказгани, бундан ташқари, шилқимлик ҳам қилгани ҳақида баёнот берганди:

“Президент Мирзиёев ҳокимиятга келганидан бери ўтган бир неча йил ичида, журналистика соҳасида вазият яхшиланди. Буни аввалги даврга умуман қиёслаб бўлмайди. Аммо, асл масала шундаки, аккредитация ҳануз ҳаммага ҳам берилмайди. Ташқи ишлар вазирлигида менга қандай муносабатда бўлишгани ҳақида гапира бошлаганимдан бир неча кун ўтиб, менга аккредитация беришди. Аммо афсуски, фақат 6 ойга, июлгача. Мен буни яна узайтириш учун апрель бошида яна ариза бердим, ҳозир жавобини кутяпман. Ҳали яна аккредитация оламанми, йўқми, бу номаълум”.

Журналист Агнешка Пикулицка Ўзбекистон ИИВ айбловини рад этди ва айби бўлса, қонун олдида жавоб беришга тайёрлигини айтди.

Сўнгги икки йилда Ўзбекистонда блогерлик фаолияти кучайиб борди. Айниқса, Ютюб ва Телеграм тармоқларида блогерларнинг ҳукуматга қаратилган танқидий чиқишлари купайди.

Президент Шавкат Мирзиёев эса уларга шахсий дастагини ҳам ваъда қилди:

“Танқид қилинглар! “Нимага сен шуни қилмаяпсан? Нимага топшириқни қилмаяпсизлар” деб, фамилиясини, расмини олиб чиқиб бир кўрсатинглар – бутун эл билсин. Бу учта-тўртта қарордан ҳам кўпроқ таъсир қилади, сизларнинг кучларинг катта”, деди Мирзиёев Тошкент вилоятига қилган сафарида.

Аммо аввалига нисбатан эркин ишлаган блогерлар ҳам сайлов йилига келиб сиқувга олинмоқда, айрим танқидчилар тазйиққа учради.

Жумладан, Ўзбекистон ҳукуматига қаратилган танқидлари ва ЛГБТ ҳуқуқлари ҳимоясига қилган чиқишлари билан танилган 30 яшар Миразиз Бозоров ИИВ терговига тортилган.

Айни пайтда, ҳукуматнинг яна бир танқидчиси - сурхондарёлик таниқли блогер Отабек Сатторий ҳам ҳибсда қолмоқда. Унга ЖКнинг 3 та моддаси билан жами 8 та айблов эълон қилинди.

Отабек Сатторий Telegram ва YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогидаги танқидий чиқишлари билан танилган.

Польшалик журналист Агнешка Пикулицка бу жараённи Ўзбекистонда нисбатан эркин ишлай бошлаган блогер ва мустақил журналистларга босим, деб баҳолайди.

Бугун эркинлашаётган ўзбек матбуоти ҳақида гап борар экан, аксар журналист, таҳлилчи ва жамоатчилик фаоллари бу эркинликнинг чегараланганини ҳам алоҳида қайд этмоқдалар.

Мисол учун, Президент ва унинг оиласига ёки ҳукуматнинг энг юқори поғонасида ўтирган мулозимларга боғланган коррупция, ноқонуний ҳаракатларга оид иддаолар расмий, на мустақил ички матбуотда ёритилаётир.

Чегарасиз мухбирлар ташкилоти ҳам ўнгги ҳисоботида “ҳукуматнинг юқори поғонасидаги амалдорлар танқиди ҳануз имконсиз”, дея қайд этди.

Президент сайловига расман старт берилган бир кезда, Ўзбекистон қонунчилигига 2 та жиддий ўзгартириш киритилди.

Шу йилнинг 31 мартида Ўзбекистонда Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунларидаги ўзгартиришлар кучга кирди.

Шавкат Мирзиёев тасдиқлаган янги қонунга кўра, президентни телекоммуникация тармоқлари ёки Интернетда ҳақоратлаш, уни туҳмат қилишда айбланганлар 5 йилгача қамалиши мумкин.

Бундан ташқари, Жиноят Кодексига, ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқлар орқали оммавий норозиликка даъват учун ҳам жавобгарлик киритилди.

Сўнгги ҳисоботида, Нью-Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ана шу қонуний ўзгаришларни кескин қоралади:

“Октябрга белгиланган президент сайлови яқинлашаркан, ҳукумат, қонунчиликка тузатишлар киритиш воситасида сўз эркинлиги устидан назоратни кучайтиришга бел боғлаган кўринади. Агар ўзбек расмийлари либерал ислоҳотларга чин дилдан ҳаракат қилаётганига дунёни ишонтиришни истаса, матбуот эркинлигини чекловчи ва ўз танқидчиларига жарима ҳамда қамоқ хавфини туғдирувчи қонунларни бекор қилиши керак”.

Бу йил октябрда амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг илк муддатига якун ясайдиган президент сайлови бўлиб ўтади.

Мирзиёев номзодини қўйиши ва иккинчи муддатга сайланишига кўпчилик шубҳа қилмайди.

Сайлов йилида давлат ва нодавлат матбуот ҳамда ижтимоий тармоқларга кучайган босим, айрим ўринларда эса тазйиқларни кузатаётган журналистлар матбуотнинг бундан кейинги истиқболидан хавотирда.

XS
SM
MD
LG