Ссылки доступа

Машҳур ўзбек боксчиси Мелиқўзиев 4 йилга дисквалификация қилинди


Ўзбекистонлик боксчи Бектемир Мелиқўзиев допинг истеъмол қилгани аниқлангани ортидан тўрт йил муддатга дисквалификация қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигига Халқаро бокс федерацияси (AIBA) маълум қилди.

Маълум қилинишича, спортчи 2020 йил 16 февралдан бошлаб 2024 йил 15 февралга қадар барча спорт мусобақаларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Унинг 2020 йил 16 февралдан бошлаб мусобақаларда олган барча медаллари ва рейтинг очколари бекор қилинди. Шу билан бирга, Бутунжаҳон антидопинг кодексига кўра, Б. Мелиқўзиевнинг профессионал боксда чиқишларини давом этиши ёки этмаслиги тегишли Халқаро профессионал бокс ташкилотининг қарорига боғлиқ бўлади.

Бектемир Мелиқўзиевда дастлабки допинг - “фуросемид” тақиқланган моддаси аниқланганидан сўнг, у 2018 йил 28 февралдан 2020 йил 27 февралгача боксдан четлатилган эди. Аммо шунга қарамай унда 2019 йилнинг 21 октябри ва 2020 йил 16 февралидаги текширувларда яна допинг аниқланган.

Бектемир Мелиқўзиев 2016 йилда Бразилияда ўтган Олимпиадада кумуш медаль соҳиби бўлган эди. Мазкур Олимпиадада Ўзбекистон терма жамоаси сазовор бўлган 13 медалдан 4таси олтин, 2 таси кумуш ва 7таси бронзадир.

Ўшанда Ўзбекистон терма жамоаси Бразилия Олимпиадасида жами 13та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида Олимпиадада медалларга сазовор бўлган 87 давлат орасида 21-ўринни эгаллаган эди.

XS
SM
MD
LG