Ссылки доступа

Путин билан Раҳмон қирғиз-тожик чегарасидаги можарони муҳокама қилади


Россия президенти Владимир Путин ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 8 май куни Москвада бўлиб ўтадиган учрашув чоғида қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган можарони муҳокама қилади. Бу ҳақда «РИА Новости» агентлиги Кремль матбуот котиб Дмитрий Песков сўзларига таянган ҳолда хабар берди.

Хабарда айтилишича, Тожикистон президенти Қизил майдонда бўлиб ўтадиган Ғалаба парадида ҳам иштирок этади.

Раҳмон ва Путин ўртасидаги музокаралар қирғиз-тожик чегарасидаги можародан олдин режалаштирилган. Песковнинг айтишича, Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ғалаба парадида қатнашиш учун Москвага бормайди.

Тожикистон президентининг матбуот хизмати Тожикистон ва Россия раҳбарлари чегара можаросини муҳокама қилишини Озодликка тасдиқлади.

Қирғизистон президент Садир Жапаров Москвадаги Ғалаба парадида иштирок этиш-этмаслиги тўғрисида расмий маълумот берилгани йўқ.

28-30 апрель ва 1 май кунлари қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган қуролли тўқнашувда 36 нафар қирғизистонлик нобуд бўлди, 189 киши жароҳат олди.

Тожикистон ҳукумати қурбонлар сонини расман эълон қилгани йўқ. Озодлик радиосининг тожик хизмати тўплаган маълумотларга кўра, тўқнашувда камида 18 одам ҳалок бўлган, 90 киши жароҳат олган.

XS
SM
MD
LG